Бундан 10-15 йил муқаддам, “Ўзбекистонликман!” дейишни истасак, таърифни узоқ тарихдан бошлашга тўғри келарди. Бугун эса, юртимизни дунёнинг деярли ҳар қайси гўшасида билишади.
Тарихий ёдгорликлар, замонавий инфратузилма, жозибадор табиат, ўзига хос одамлари ҳақида тасаввур мавжуд. Тўғри, хорижликларнинг ўз кўзи билан кўрганларидан кўра, эшитган, ўқиганлари анча кўпроқ. Афсуски эшитган ва айниқса, интернет тармоғидаги турли саҳифалар орқали маълумот қидирганлар учун аксарият ҳолда мамлакат имиджи аслидагидек жозибадор эмас.
Интернет тармоқларида Ўзбекистон имиджи аслидагидек жозибадор эмас. Нега?
Хўш, мамлакатимиз қидирув сайтларидаги маълумотларда қай тариқа акс этади? Дунё миқёсида машҳур ГУГЛ ва ЯНДЕКСдан “Ўзбекистон”ни “қидириб” кўрайлик:
Аҳамият беринг, қидирув тасмасининг биринчи саҳифасидан ўрин олган маълумотларни com, org ва ru доменларидаги сайтлар беряпти. Демак, мамлакатимиз билан қизиққан сайёҳ, энг аввал, шу маълумотлардан ўзига хулоса ясайди.
Мамлакат имиджини унинг ички маълумотлар баъзаси (uz доменидаги сайтлар назарда тутилмоқда) эмас, четдан туриб, ташқаридан қараб берилган баҳо белгилаяпти. Замонавий маркетологлар ва ПР мутахассисларнинг ёзилмаган қоидаларига кўра, “қидирув тасмасининг иккинчи саҳифасидаги ахборот беҳуда ахборотдир”. Демак маҳаллий интернет сайтларимиз мамлакатимиз ҳақида қанчалик салмоқли ва жозибадор мақолалар, фото, видеоблоглар тайёрламасин, оддий тармоқ фойдаланувчиси уларгача шунчаки етиб кела олмайди.
ЕЧИМ: қидирув тизимларининг алгоритмига кўра, энг сўнгги жойлаштирилган маълумотлар тасманинг энг бошида чиқади. Бундан келиб чиқадики, мамлакатимиз ҳақида имкон борича кўп ва тез-тез ахборот бериш керак. Токи “Ўзбекистон” теги киритилганда сайёҳлар биз берадиган маълумотларга дуч келишсин.
Масаланинг бундан бошқа аҳамиятли яна бир жиҳати бор. Аксарият сайтларда берилган маълумотга шарҳ қолдириш, уни баҳолаш тизими мавжуд. Мана шу шарҳларни максимал даражада ижобий бўлиши ва берилган баҳонинг юқори бўлишига эришиш орқали самарали натижага, яъни яхши тасаввур уйғотишга эришиш мумкин. Фикримизни, мисол тариқасида тарихий шаҳарларимиздан биридаги машҳур меҳмонхонага берилган баҳо орқали изоҳлаймиз:
Юқоридагилар сайёҳларнинг мамлакатимиз билан қизиққанларида ўзлари дуч келадиган вазиятлар таърифи эди. Сўнгги бир ой ичида Ўзбекистон “тег”и билан 1 миллионга яқин маълумот қидирилганини назарда тутадиган бўлсак, мамлакатимизга бўлган қизиқишнинг нақадар юқорилаб бораётганига гувоҳ бўламиз.
Қанийди, жаннатмакон ўлкамиз билан қизиққанларнинг ҳар бирига, “Ўзбекистонни билмоқчи бўлсангиз, келиб 3-4 кун меҳмон бўлиб кетинг”, деб айта олсангиз…
Хўш, келди ҳам дейлик, кейин-чи? Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти ҳар қандай сайёҳнинг кўнглини чоғ қилади деб айта оламизми?
Давлат статистика қўмитасининг маълумотига кўра, ўтган йил мамлакатимизга 2847,9 хорижий меҳмон ташриф буюрган ва уларнинг 203 мингдан ошиғи айнан туризм мақсадида сафар қилган.
Тўғри, бу рақамлар умумий кўрсаткичнинг 10/1 ҳам ташкил қилмаяпти, лекин биз диққатимизни айнан шу тоифа меҳмонларга қаратамиз. Сабаби мамлакатнинг туризм салоҳияти ривожланиши ва сайёҳлик орқали олинадиган даромадни шулар белгилайди. Айнан шулар меҳмонхоналарда қолади, йўл-транспорт, гидлар хизматидан фойдаланади, қайтишида миллий кийимлар, сувенирлар харид қиладиган сайёҳ тоифасига киради.
Сайёҳлар Ўзбекистонда қандай тўсиқларга дуч келмоқда?
Сайёҳлар оқимининг кўпайишига тўсиқинлик қиладиган дастлабки факторлар сифатида мутахассислар авиачипталар нархининг юқорилиги, мавжуд талабнинг маҳаллий ва халқаро авиалинияларнинг чартер рейслари билан қопланмаётгани, Ўзбекистонда виза тизими ва меҳмонларни рўйхатга олиш жараёнининг мураккаблигини келтириб ўтишарди.
Жаҳон сайёҳлик ташкилоти маълумотига кўра, дунё бўйлаб сайёҳларнинг қарийб 60 фоизи энг қиммат эканига қарамасдан, ҳаво транспортидан фойдаланади. Биз айтмоқчи бўлган сайёҳлик мақсадида мамлакатимизга келадиган аксарият меҳмонлар айнан шу ҳаво йўлларидан фойдаланишни маъқул кўришади. Чунки яқин хориждан ташриф буюрадиганларнинг асосий қисми қариндошларини йўқлаш мақсадида келишади.
ЕЧИМ. Тарихий шаҳарларимизга тўғридан-тўғри авиарейсларни йўлга қўйиш (“Афросиёб” тезюрар поезди муаммонинг қисман ечими бўлиб турибди), авиачипталар нархини оптималлаштириш, авиакомпаниялар монополиясини бартараф этиш учун соғлом рақобатни йўлга қўйиш, чипталарни онлайн сотиб олиш тартибини жорий қилиш ва банд қилиш муддатларини узайтириш, сунъий дифицит яратиш ҳолатларини ўрганиш ва бартараф этиш.
Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 2 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига мувофиқ, сайёҳлик мамлакатимиз иқтисодиётининг стратегик тармоғи сифатида белгиланди. Президентнинг 2017 йил 16 августдаги қарори билан 2018 – 2019 йилларда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар дастури тасдиқланди. Хусусан жорий йил февраль ойининг ўзида Давлат раҳбарининг шу соҳага доир 4 та муҳим ҳужжати қабул қилинди.
Ушбу ҳужжатлар билан соҳада йиғилиб қолган муаммоларни ҳал етиш, туризм салоҳиятини ошириш бўйича устувор вазифалар белгиланди. Бугунги кунда “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси тизимига замонавий маркетинг жорий етиш, дунё аэропортларида мавжуд бўлган махсус мосламалар, мобил алоқа воситалари ёрдамида авиачипта сотиб олиш имкониятлари яратиш устида иш олиб борилмоқда. Амалга оширилган ишлар самараси ўлароқ, жорий йилнинг июнь ойида Ислом Каримов номидаги «Тошкент» халқаро аэропортида халқаро йўналишлар йўловчилари учун учиб келиш терминали очилди. У соатига 1200 та йўловчини ўтказиш имкониятига эга. Терминалда янги муҳандислик-технологик ускуналар ўрнатилди. «Яшил» ва «қизил» йўлаклар, узунлиги 60 м. бўлган 4 та қўл юкларини қабул қилиш лентаси, 24 та паспорт назорати пункти, виза таъминоти пункти, иккита Duty Free дўкони ва иккита кафе фаолият кўрсатади. Қўл юклари лентаси устига экранлар ўрнатилган бўлиб, у орқали йўловчилар юклари қаердан чиқишини билишлари мумкин. Паспорт назоратидан ўтиш муддати қисқарди. Эндиликда Ўзбекистонга етиб келган меҳмонлар ва фуқаролар аэропортдаги расмиятчиликлардан 20-30 дақиқада ўтишлари мумкин бўлади.
Аэропортдаги киракашлар сайёҳлар табини хира қилмасин
Сайёҳ аэропорт ҳудудини тарк этган заҳоти минг афсуски, уларни исми ёзилган тахтачани ушлаб қарши оладиган очиқ чеҳрали кузатувчилар эмас, “учар” киракашларимиз кутиб олади.
Тўғри, меҳмонхонагача бориш нархини келишиш, савдолашиш кимдир учун экзотика бўлиши мумкин, лекин бир-неча соатлик учиш давомида тинкаси қуриб турганда шу ҳам ортиқча. Такси тоза, озода, ҳайдовчи хушмуомала бўлса-ку хўп-хўп, акси бўлса-чи? Нохуш ҳид анқиб турган машинада алламбало кийимлар билан оёғига эски шиппакни илдирволган, жағи-жағига тегмай замоннинг оғирлигидан, нарх-навонинг ошиб кетаётганидан нолийдиган “таксист” сайёҳнинг ўзбекистонликлар ҳақидаги дастлабки тасаввури бўлиб хотирасида муҳрланиши ачинарли.
ЕЧИМ. Меҳмонхоналарнинг сайёҳларга транспорт хизмати кўрсатиши учун имтиёзлар бериш. Хизмат сифатини мониторинг қилиш. Такси хизмати кўрсатадиган компанияларнинг (Тошкент шаҳри бўйича 40 дан ортиқ) аэропорт ҳудуди бўйича ишлайдиган вакилларини алоҳида назоратга олиш, шу ҳудудда хизмат кўрсатиш учун муайян танловлардан ўтказиш керак.
Виза тартибини оптималлаштириш
Инсон сайёҳлик мақсадида сафарга отланаркан, саёҳатининг ҳар бир соатини мазмунли, самарали ўтказишни истайди. Вақтни ортиқча расмиятчилик, қоғозбозликка сарфлаш ҳар кимга ҳам малол келади. Шунинг учун мамлакатимизга ташриф буюрган сайёҳларнинг яшаш жойи бўйича 3 кун ичида рўйхатдан ўтиши зарурлиги уларга ноқулайлик туғдиради.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йил 22 февраль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида таъкидлаганидек, “Турист саёҳат қилиши, ички ишлар идораларида сарсон бўлмаслиги керак. Агар биз туризм ҳисобига иш ўринлари очамиз, десак туристга шарт қўйиш емас, балки шароит яратишимиз зарур”. Масаланинг «ечим»лари ҳам айнан шу йиғилишда келтириб ўтилди. Рўйхатга олиш тизимини тўлиқ электрон шаклга ўтказиш, бу масалани ички ишлар идоралари, меҳмонхоналар, даволаш муассасалари, хусусий уйлар ва шу каби жойлаштирувчи жисмоний ва юридик шахсларнинг мажбурияти сифатида белгилаш, туристларни бундай ташвишдан холи қилиш юзасидан берилган кўрсатмалар тўлиқ бажарилса, бу туризм соҳаси ривожи йўлида қўйилган улкан қадамлардан бири бўлади.
Жорий йилнинг 10 февралидан бошлаб Япония, Жанубий Корея, Сингапур, Малайзия, Индонезия, Туркия ва Исроилдан келаётган туристларга мамлакатимизда 30 кунгача визасиз бўлишга рухсат берилди. Бундан ташқари, 39 мамлакат фуқароларига виза бериш тартиби соддалаштирилди. 2018 йил 1 июлдан электрон визалар жорий қилинди.
Бу йўллар, йўллар…
Ўзбекистонда саёҳат тартиби ўзига хос шаклга эга. Сайёҳларнинг 80% дан ошиғи мамлакатимиз бўйлаб Тошкент–Самарқанд–Бухоро–Хива йўналишида халқа бўйлаб ҳаракатланишади. Ҳаракатланиш асосан темир йўл ва автомобиль йўли бўйлаб амалга оширилади. Охирги йилларда темир йўллар соҳасида оширилган ишлар самараси ўлароқ ҳар қатновда 300 га яқин йўловчига хизмат кўрсата оладиган Афросиёб поездининг ишга туширилиши, водийга поездда қатнаш имконияти туғилгани, поездларда хизмат кўрсатиш сифатининг ошгани ва ҳ.к. қувонарли. Лекин муайян вақт билан чегараланмаган, олдиндан бронь талаб қилмайдиган, керакли манзилгача аниқ етказа оладиган ва нисбатан арзон транспорт воситаси сифатида автотранспорт хизматига талаб ҳар доим юқори бўлиб келган.
Таклиф-чи? Автотранспортда саёҳат сифати унга бўлган талабни қондира олаяптими? Бу саволга ижобий жавоб бера олмаслигимизнинг қатор сабабларини келтириб ўтсак, биринчидан, йўлларимизда таъмирлаш ишлари гўё ҳеч қачон тугамайдигандек тассурот қолдиради. Энди бир қисмида реконструкция ишлари тугаб, равон йўл кўзингизни қувонтиришни бошласа, бошқа қисмида километрларга чўзилган, бузилаётган ёки тузатилаётган йўл устидан чиқиб қоласиз. Уни таъмирлаб бўлишди, дегунча олдинроқ тузатилгани яна олдинги ҳолига қайтади.
Иккинчидан, йўлларда жой номлари ва йўл кўрсатиш белгиларининг камлиги хорижий сайёҳ тугул, ички туризмни ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшмоқчи бўлиб, тарихий шаҳарларимизга сафар уюштирган маҳаллий сайёҳни ҳам йўлдан адаштиради. Йўлнинг ўзи йўғу, йўл белгиларига йўл бўлсин дейишга шошманг, буюк ислоҳотлар ҳар доим кичик тузатишлардан бошланган.
Учинчидан, йўл маданияти, аниқроғи унинг деярли йўқлиги. Шаҳарларда йўлларни назорат қиладиган камералар қўйилганидан сўнг вазият бироз юмшади. Автотрассаларда автоуловни бошқариш маданиятини йўл-патруль хизмати ходимидан ёки фото, видеорадарлардан ҳайиқиш ҳиссигина белгилаб бера ололмайди, афсуски.
Тўртинчидан, санитар гигиеник шароит, йўл ёқасидаги овқатланиш жойларининг умумий муҳити, улардаги хизмат кўрсатиш ва таом сифати, қолаверса, автотрассалар бўйидаги санитария-гигиена шохобчалари (айтиш ноқулай бўлса-да, ҳожатхоналар) аҳволи…
Тўғри, бу ҳолатни бартараф этиш бўйича кўплаб чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ўзбектуризмнинг замонавий ҳожатхоналар қурилиши учун солиқ имтиёзлари берилиши ҳақидаги смс хабари куни-кеча фақат тадбиркорларга эмас, барча мобил операторлар абонентларига юборилди чамамда. Лекин… Автомагистрал йўллар ёқасида жойлашган қишлоқ аҳолиси йиллар давомида ўз уйига сув қувурини ўтказа олмаётганини назарда тутадиган бўлсак, бу солиқ имтиёзларидан фойдаланиб замонавий ҳожатхоналар қуриш истагини билдирадиган тадбиркорни анча кутишга тўғри келади.
Бешинчидан, бизда автомагистраль йўллар ёқасида зарурат туғилганда қўноқ учун тураржойлар деярли йўқ. Манзил узоқ, Бухоро ёки Хива бир нафасда етиб олинадиган масофада эмас. Йўлдан ҳориган сайёҳ нафасини ростлаб, ювиниб-тараниб сўнг сафарини давом эттиришни истаса, магистраль йўлдан шаҳарга тушиб тунаш учун хостел ёки меҳмонхона қидиришига тўғри келади. Бу ҳолат олдиндан кўзда тутилмагани учун бронь қилинмаган меҳмонхонада мавсум пайти бўш хона топиш ҳам амримаҳол.
Туризм мавсуми ва мавсумий сервис
Ўзбекистон иқлими баҳор (апрель-май) ва куз (сентябрь-октябрь) мавсумида сайёҳларни илиқ оби-ҳаво билан қучоқ очиб қаршилайди. Шу ойлар давомида йил бўйи ярми ҳувиллаб қоладиган ўртамиёна меҳмонхонага жойлашиш ҳам душвор бўлиши мумкин. Меҳмонхоналарнинг асосий қисми Тошкент, Бухоро ва Самарқанд шаҳарларида бўлиб, туристлар оқими ошган даврда уларда ҳам жой танқислиги кузатилади. 4-5 юлдузли меҳмонхоналарни айтмаса, хусусий уйлар негизида ташкил қилинган кичик отель ва хостелларда хизмат кўрсатиш сифати малакали кадрлар етишмаслиги ҳисобидан оқсайди.
Экскурсиялар ташкил этиш ва гид хизматидан фойдаланишдаги вазият ҳам қониқарли эмас. Аксарият экскурсия йўналиши олдиндан белгиланган бўлиб, бунда бир неча кишидан иборат гуруҳларга хизмат кўрсатиш учун гид бириктирилади. Аммо саёҳат учун индивидуал йўналиш ё кичик гуруҳ учун алоҳида гид сўралса, яна шу танқисликка дуч келинади.
Сайёҳни мамлакат билан таништириш ва унинг фикрини шакллантиришда гидлар асосий бўғимдир. Келган меҳмоннинг мамлакат ва унинг халқи ҳақида ижобий ёки салбий хулосага келиши бевосита шу гидларнинг касб маҳорати ва шахсий хислатларига боғлиқ. Бизда туркомпаниялар томонидан олдиндан бириктирилган, хорижий сайёҳлар билан ишлашга мослашган гидлар етарли эмас. Шу сабаб, бирор тарихий обидага ташриф буюрганда ўша обида маъмурияти томонидан таклиф этадиган гидлар хизмати билан чекланишга тўғри келади. Уларнинг аксарияти ўша обида каби сўниб, қариб бораётгандек таассурот уйғотади. Талаффуздаги монотонлик, айтилавериб чарчаган ҳикояни ёқар-ёқмай такрорлашидан сайёҳларнинг қизиқиб жонлангани эмас, зерикиб эснаётганини кузатасиз холос.
ЕЧИМ. Самарқандда “Ипак йўли” туризм халқаро университети ташкил этилиши бу муаммоларнинг ечими бўлишига умид қилиняпти. Бироқ унинг биринчи битирувчилари ўз билимини амалиётга тадбиқ этишни бошлагунига қадар соҳа ривожи тўхтаб қолиши керак эмас. Меҳмонхона ва гид хизматини кўрсатиш соҳасида лицензия олиш тартибини соддалаштириш, имтиёзлар бериш орқали вазиятни яхшилаб туриш мумкин. Уларнинг касбий маҳоратларини, тажрибаси ва билимини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш зарур (соҳа мутахассислари учун тренинглар, мастер-класслар ўтказиш, танловлар уюштириш ва ҳ.к.).
Гастрономик лаззат ва элементар эҳтиёжлар
Ўзбекистонга ташриф буюрган сайёҳ борки, бизнинг паловимиз, кабобу сомсаларимиз таърифини эшитиб келган бўлади. Ҳақиқатда миллий таомларимиз мақтанишга арзигулик. Лекин тарихий шаҳарларимизда ҳали-ҳануз қаҳвахона, ресторан ва ошхоналаримиз икки тоифага бўлинади. Биринчисида тез, арзон ва ширин овқатланиб дарров кетиш керак. Чунки шароити оёқ узатиб ўтирадиган эмас. Иккинчисидабемалол, оёқ узатиб, чиройли дизайн ва юқори сервисга маҳлиё бўлиб ўтирасану, мазаси ва ҳажмининг нархига номутаносиблигига бармоғингни тишлаб қолаверасан. Бунисига ҳам майли, лекин тунги 11 дан сўнг овқатланишни истаган сайёҳга қаергадир боришини тавсия этолмай қолганингда нега бизда овқатланиш жойлари узукун ишламаслигини тушунтиролмай хуноб бўласан киши.
Ресторанлар, дўкон ва бозорларда тўловларнинг фақат миллий валютамизда қабул қилишини инобатга оладиган бўлсак, ярим тунда овқатланишни истаган сайёҳ нафақат қаерга боришни, балки харажатлари учун валютани қаерда айрибошлаш ҳақида ҳам бош қотириши керак. Тўғри, катта меҳмонхоналар негизида валюта айрибошлаш шохобчалари мавжуд. Лекин ҳамма сайёҳлар ҳам шу катта меҳмонхоналарда дам олмайди-да.
ЕЧИМ. Мамлакатнинг сайёҳлик потенциалини оширишни истарканмиз хизмат кўрсатиш сифатинигина эмас, муддатларини ҳам оптималлаштириш лозим. 24 соат ишлайдиган ресторанлар, дам олиш масканлари, шаҳар бўйлаб одам гавжум жойларда валюта айрибошлаш шохобчалари ташкил қилиш лозим. Ундан ҳам зарури сайёҳлар учун маълумот хизмати ташкил этилса, исталган пайтида қўнғироқ қилиб ўзи учун зарур маълумотни олиш имкони пайдо бўларди. Сайёҳлар кўп бўладиган жойларда инфокиоскалар ташкил қилиниб унда хушмуамала мутахассислар ўтирса… Шаҳар хариталари, маълумот буклетлари бепул тарқатилиши йўлга қўйилганида-ку нур устига аъло нур бўларди.
Хулоса ўрнида…
Ўзбекистонда туризм соҳаси ривожи хусусида айтилмаган (ва балким айтила олинмайдиган) муаммолар ҳали кўплигини таъкидламай иложимиз йўқ. Асосийси улар муаммолигича қолмаса, ечимлар изланса, топилса, амалга тадбиқ қилинса бўлди. Биз ҳозир гапиришни урф қилган “мамлакатда туризм салоҳияти юқори”, жумласидаги “салоҳият” сўзини яқин йилларда “имконият”га алмаштира олсак, соха тараққиётига муносиб ҳисса қўшилган бўлар эди.
Гулноза Алимова, ЎзА