Дўстлик рамзига айланган кўргазма

Мамлакатимизда ўтказилаётган Қирғизистон Республикаси маданияти кунлари доирасида Тошкент Фотосуратлар уйида безакли-амалий санъат намуналари ҳамда атоқли адиб Чингиз Айтматов ҳаёти ва фаолияти, ижодига бағишланган фотокўргазма ташкил этилди.

Юртимизда бўлиб ўтаётган мазкур маданият кунларининг асосий таркибий қисми “Қизил олма – Айтматовга бағишлов“ деб номлангани бежиз эмас. Негаки, жорий йилда адабиёт мухлисларининг севимли ёзувчиси Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллиги кенг нишонланмоқда.

Шу боис кўргазманинг бир қисмида Қирғизистонда ўтган йиллар мобайнида энг фаол ва самарали меҳнат қилаётган ҳунарманд ва усталарнинг ижоди билан халқимизни яқиндан таништиришдек мақсад кўзланган бўлса, экспозициянинг иккинчи қисми адабиёт равнақига улкан ҳисса қўшган ижодкорнинг умр йўли, серқирра ва фидокорона фаолияти билан мухлисларни яқиндан баҳраманд этади.

Адибнинг юксак инсоний қадриятлар улуғланган асарларида кўтарилган мавзулар бугун ҳам долзарблиги, инсониятни мудом огоҳликка, она табиатга, борлиққа ҳурмат билан муносабатда бўлишга, ўзликни сақлаб қолишга чорлаётгани билан қадрлидир. Кўргазмада устоз ёзувчининг оғир болалик йиллари, урушнинг мусибатли дамлари, оила аъзолари билан бирга адиб ва жамоат арбоби сифатида фаолияти акс эттирилган туркум фотосуратларга кенг ўрин берилган.

Мазкур кўргазма ўзбек ва қирғиз халқларининг дўстлиги, ҳамжиҳатлиги, мақсад-муддаолари уйғунлигининг яна бир амалий ифодасидир.

24.jpg

25.jpg
44.jpg

 

Н.Усмонова, Ф.Абдурасулов (сурат), ЎзА