Мамлакатимизда ўтаётган Қирғизистон Республикаси маданияти кунлари дўстлик, биродарлик, қардошлик, ҳамжиҳатлик байрамига айланиб кетди.
Мазкур тадбир доирасида пойтахтимиздаги Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрида Қирғизистон санъати усталари ва ижрочи ёшлар иштирокида концерт ташкил этилди. Шу муносабат билан мазкур санъат кошонасига турли вазирлик ва идоралар, ижодий ташкилотлар, миллий маданий марказларининг вакиллари, мусиқа ихлосмандлари таклиф этилди.
Кўплаб тантаналар, премьералар, ижодий лойиҳа ва фестивалларга гувоҳ бўлган мазкур театр биносида шу куни қирғиз халқининг жўшқин куй-наволари, жозибали рақслари томошабинлар эътиборига ҳавола этилди.
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигида қирғизистонлик ҳамкасблар билан бирга келгусидаги ижодий режалар белгилаб олинди. Алишер Навоий номидаги Кино саройида қўшни давлат кинематографлари томонидан ишланган фильм мухлисларга тақдим этилди. Бу каби маданий тадбирлар қадим ва навқирон Самарқанд шаҳрида ҳам бўлиб ўтиши кўзда тутилган.
– Маданият кунлари асносида ўзбек халқининг бой мероси билан ҳам танишишга муваффақ бўлдик, – дейди «Қамбарқан» ансамбли созандаси Қурманжон Акматова. – Тошкентдаги бир қатор зиёратгоҳлар, тарихий масканларга саёҳат қилдик. Музейларга бордик. Санъат соҳаси вакиллари билан ижодий мулоқотда бўлдик. Бундай тадбирлар тафаккуримизни янада бойитишда ғоят муҳимдир.
Концертда қирғиз санъат усталари репертуаридаги энг сара куй-қўшиқлар, рақслар ижро этилди.