Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлимининг Қорақалпоғистон гуманитар фанлар илмий-тадқиқот институти ва Россия Фанлар академиясининг Н.Н.Миклухо-Маклай номидаги этнология ва антропология институти ҳамкорлигида жорий йил сентябрь-октябрь ойларида археологик тадқиқотларнинг биринчи мавсуми ўтказилди.
Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида ташкил этилган тадқиқот ишларига Қозоғистон Республикаси А.Х.Марғулон номидаги археология институти археологлари ҳам жалб қилинди.
Қорақалпоғистон гуманитар фанлар илмий-тадқиқот институти директори Айтмурат Алниязовнинг таъкидлашича, 5 та қабристонда ўтказилган қазиш ишлари давомида милодий III-IV асрларга оид, яъни сарматлар замонидан кейинги даврга боғлиқ ноёб топилмалар топилган. Қабрлар ичида одам скелетлари ва дафн этилган одамга қўшиб кўмилган буюмлар бўлган. Қазиш ишларида қизил ангобдан ясалган кулолчилик буюмлари ва чала пиширилган ганчкор буюмлар топилган. Қабрларда тақинчоқ ва фибулалар мавжудлиги тепаликдаги қабристон милодий III аср охири ва IV аср бошларига оид эканини тасдиқлайди. Бу Уралдан Қораденгиз бўйигача, Волга ҳамда Дон дарёларидан бошлаб ҳозирги Қорақалпоғистон ҳудудларигача бўлган кенг чўлда яшаган кўчманчилар билан боғлиқ.
Археология ва антропология маълумотларига кўра, милодий II-IV асрларда, яъни сарматлар замонидан кейинги даврга тегишли кўчманчилар қабристонларидан кўп миқдордаги қурол-яроғлар топилган. Улар жанговар бўлган. Мақолада таъкидланаётган кўчманчи халқ жангчилари урушларда ёлланма аскар сифатида иштирок этган.
Ҳозирги Қорақалпоғистон ҳудудида аҳоли IV асрга келиб ярим кўчманчи ҳаётга ўтган ва ўтроқ яшай бошлаган.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими раиси академик Нағмет Аимбетовнинг сўзларига кўра, профессор Вадим Николаевич Ягодиннинг Устюртдаги кенг кўламли ишлари қабристонлар, ибодатхоналар, истеҳкомли манзилгоҳлар, найзасимон иншоотлар (сайғоқларни ёппасига тутиш учун қурилган иншоот. Уни аран деб атаган) ва бошқаларни ўз ичига олган сарматлар замонидан кейинги давр ёдгорликларининг аксариятини очиб берган. Вадим Николаевич Устюртнинг ушбу ҳудуди эрта темир даври кўчманчиларининг мавсумий миграция зонасига кирганини ва Волга-Урални (ҳатто Урол ортини ҳам) ва Қуйи Волга бўйини боғлаб турувчи энг сўнгги йўл нуқтаси эканини узоқ вақт давомида таъкидлаб келган. Жорий йилги қазиш ишлари мазкур аҳоли гуруҳлари Устюртнинг жанубий қисмида ҳам мавжуд эканини тасдиқлади. Бу эса машҳур археологнинг нуқтаи назари тўғри эканини исботлайди.
Қорақалпоғистон гуманитар фанлар илмий-тадқиқот институти ходимлари томонидан 2015 йилда ўтказилган тадқиқот натижасида мазкур жойда карвонсарой ҳам бўлгани аниқланган.
Археологик илмий-тадқиқот ишлари 2019 йилда давом эттирилади. Унга Нукус давлат педагогика институти ходимлари ҳам жалб қилинади.
–Биз, Россия Фанлар академиясининг Н.Н.Миклухо-Маклай номидаги этнология ва антропология институти билан 2018-2023 йилларда илмий ҳамкорлик тўғрисида шартнома имзоладик, – дейди Нукус давлат педагогика институти ректори Байрамбай Отемуратов. – Шартномага мувофиқ, Қорақалпоғистон ҳудудида археологик дала илмий-тадқиқот ишларини ҳамкорликда олиб бориш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўқув жараёнида фойдаланиладиган илмий-инновацион ва таълим бўйича лойиҳаларни тайёрлаш, илмий-амалий конференциялар, семинар ва симпозиумлар ўтказиш, шунингдек, шартнома ижроси борасида эришилган натижалар бўйича ҳамкорликда материаллар нашр этиш ишлари амалга оширилади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилги мавсумий илмий-тадқиқот дала археологик ишлари натижалари бўйича доимий ҳаракат қилувчи “Оролбўйи Қорақалпоғистон – Россия археологик экспедицияси”ни тузиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Келаси йили Устюртдаги қадимий кўчманчиларнинг ёдгорликлари ва қадимий Хоразм ёдгорликларида кенг кўламли қазишма ишлари олиб борилиши режалаштирилмоқда.