Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясининг Фарғона ҳудудий филиалидаги ўқув машғулотларида бошқарув кадрлар малакасини ошириш сифатини яхшилаш, тингловчиларда фаолиятни режалаштириш ва иш режасини сифатли бажариш кўникмасини мустаҳкамлаш вазифаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Филиал давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 6 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясининг ҳудудий филиалларини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори асосида фаолият юритмоқда. Бу ерда Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларидан шаҳар, туман ҳокимларининг ўринбосарлари, давлат ҳокимияти ҳамда бошқарув органларининг қуйи бўлинмалари раҳбарлари малака оширади.
– Малака ошириш ўқув курси дастури Давлат бошқаруви академияси профессор-ўқитувчилари томонидан юртимизнинг турли ҳудудларида ўтказилган ўрганишлар давомида аниқланган муаммолар таҳлили, шунингдек, хорижий мамлакатлар илғор тажрибаси асосида тайёрланди, – дейди ҳудудий филиал директори Жаҳонгир Мамажонов. – Малака ошириш курси ақлий ҳужум, кичик гуруҳларда ишлаш, кейс-стади, коллегиал муҳокама, тақдимот ва қайтма алоқа каби интерфаол усулларда ташкил этилмоқда. Машғулотлар академиянинг етакчи профессор-ўқитувчилари, вазирлик ва идораларнинг тажрибали мутахассислари ҳамда вилоятдаги олий ўқув юртлари етакчи профессор-ўқитувчилари томонидан олиб борилмоқда.
Тингловчиларнинг ўзлаштириш даражаси академия таълим портали орқали онлайн мониторинг қилинади. Тизимли равишда топшириқлар бериш ва тестлар ечиш билан уларнинг билими баҳоланади. Малака ошириш курсларидан муваффақиятли ўтган тингловчиларга сертификатлар берилади.
Ҳудудий филиалнинг илк тингловчилари Фарғона вилояти шаҳар ва туманларида фаолият олиб бораётган мактабгача таълим ва халқ таълими бўлими мудирлари бўлишди.
– Академиянинг Фарғона ҳудудий филиали ташкил этилиши кадрлар салоҳиятини юксалтиришга бўлган эътибор ифодасидир, – дейди Бағдод тумани халқ таълими бўими мудираси Тўлқиной Тожиева. – Мамлакатимизда бугунги кунда 11 мингдан зиёд ўрта бўғин бошқарув кадрлари мавжуд, лекин уларнинг барчаси марказда малака ошириб қайтиши имконсиз албатта. Бундай имкониятлар кенгайиши ва вақтнинг тежалиши, қолаверса, онлайн тартибда марказдаги академия профессор-ўқитувчилари билан тўғридан-тўғри мулоқот орқали ҳамда вилоятдаги юқори салоҳиятли профессор-ўқитувчилар томонидан машғулот ва семинар-тренинглар олиб борилиши биз учун қулай бўлди.
Жорий йил мазкур филиалда 1 минг 343 нафар маҳаллий давлат ҳокимияти идоралари, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ҳудудий тузилмалари, шунингдек, нодавлат нотижорат ва бошқа ташкилотларнинг бошқарув кадрлари ва масъул ходимлари малака ошириш имконига эга бўлади.
М.Сулаймонов, М.Қодиров (сурат), ЎзА