Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида 24 октябрь куни Хитой Халқ Республикасининг Миллатлар ва дин ишлари бўйича қўмитаси раисининг ўринбосари Батеер бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди.

Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Р.Қурбонов, Хитой Халқ Республикасининг Миллатлар ва дин ишлари бўйича қўмитаси раисининг ўринбосари Батеер, ХХРнинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Цзян Янь ва бошқалар мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик изчил ривожланаётгани, бунда икки давлат раҳбарларининг доимийлик касб этган мулоқотлари чоғида эришилган келишувлар муҳим ўрин тутаётганини таъкидлади. Турли даражадаги делегациялар ташрифларининг амалга оширилаётгани икки мамлакат ўртасида қатор соҳаларда ҳамкорлик алоқалари ҳар томонлама мустаҳкамланишига замин яратаётгани алоҳида қайд этилди.

Ўзбекистон – Хитой муносабатлари тарихи узоқ ўтмишга бориб тақалади. Буюк ипак йўли халқларимизнинг савдо-иқтисодий, ижтимоий, маданий-гуманитар ҳамкорлигида муҳим ўрин тутган. Бугунги кунда ҳам ўзаро ҳурмат, тенглик, дўстлик ва манфаатдорлик тамойиллари асосидаги алоқалар фаол кенгаймоқда. Президентимизнинг 2017 йилда Хитойга ташрифи сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестиция ва маданий-гуманитар ҳамкорлик соҳаларида янги саҳифа очди.

Ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш миллатлараро муносабатлар, маданий алоқаларни жадаллаштириш, шунингдек, биродарлашган қадимий Самарқанд ва Сиань, Бухоро ва Лоян шаҳарлари ўртасида сайёҳлар алмашишга қаратилган лойиҳаларни ишлаб чиқиш имконини берди.

Музокарада халқларимизнинг бой маданияти, урф-одати ва анъаналарини кенг тарғиб қилишга қаратилган турли маданий мулоқотлар ва учрашувларни ташкил қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Меҳмонларга юртимизда миллатлараро тотувликни таъминлаш орқали жамиятни барқарор ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар ҳақида маълумот берилди.

Ушбу йўналишда халқаро ҳамкорликнинг мустаҳкамланаётгани делегация аъзоларида катта таассурот қолдирди.

Суҳбат чоғида Батеер Ўзбекистон барча соҳаларда кенг кўламли ислоҳотларни олиб бораётганини қайд этиб, Ўзбекистонда миллатлараро ҳамжиҳатлик ва тотувликни таъминлашда дунёнинг бошқа мамлакатларида ўхшаши йўқ маҳалла институти муҳим ўрин тутаётганини алоҳида таъкидлади. Унинг фаолиятини ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш зарурлигини алоҳида қайд этди.

Учрашувда томонлар миллатлараро муносабатларни янада яхшилашга қаратилган ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ўзаро тажриба алмашиш, бу борадаги мулоқотларни изчил давом эттиришга келишиб олди.

 

Зуҳра Мирзабоева, ЎзА