Таассуротларга бой фестиваллар

Қорақалпоғистон Республикасида 19-20 октябрь кунлари “Орол балиқларидан 99 тур таом” гастрономик халқаро фестивали ҳамда “Орол ва Мўйноқнинг қайта тикланиши” мавзуида халқаро экофестиваль бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши томонидан ташкил этилган фестиваллар доирасида турли тадбир ва конференциялар ташкил этилди.

Хусусан, 19 октябрь куни И.Савицкий номидаги Қорақалпоқ давлат санъат музейида “Жанубий Орол атрофи – инновацион ривожланиш ҳудуди” мавзусида халқаро илмий конференция ўтказилди. Унда олимлар, экологлар, кенг жамоатчилик вакиллари ва журналистлар иштирок этди.

2.JPG

11.JPG
– Қуриган Оролни яқин йилларда сув билан тўлдириш даргумон, – дейди Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети профессори, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори Махсут Иброҳимов. – Балки, келгусида денгиз яна қайтар. Буни билмаймиз. Лекин мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда, Оролнинг қуриган ўрнини ўсимлик дунёси билан тўлдиришимиз керак. Ўсимлик дунёси қачон кўпаяди? У ерда ўсимликларни истеъмол қилувчи ҳайвонот дунёси бўлса. Устюрт платоси ва Қизилқум чўлларида наботот олами камайиб кетган. Сабаби, уларни истеъмол қилувчи жонзотлар йўқолиб бормоқда. Шунинг учун Мўйноқ туманида Орол денгизининг қуриган тубида тажриба сифатида 1000-2000 бошга мўлжалланган чорвачилик хўжалиги ташкил қилиш керак. Бунинг ҳар томонлама фойдаси бор. Аввало, иш ўринлари пайдо бўлади, бу аҳоли фаровонлигига хизмат қилади. Бундан ташқари, қуриган денгиз ўрнида ҳар хил ўсимлик турлари кўпайиб, тузли чанг кўтарилишининг олди олинади. Бугунгидек тадбирларда бу борада турли фикрлар ўртага ташланади, фикрлар, тажрибалар эса муҳокамаларда мукаммаллашади.

Конференция иштирокчилари Қорақалпоғистоннинг энг сўлим манзаралари айнан Орол денгизи ва Устюрт платосида учрашини қайд этиб, келгусида бу жойларда экотуризмни ривожлантириш таклифини илгари сурди.

Куннинг иккинчи ярмида фестиваль доирасида Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида Чингиз Айтматовнинг “Соҳил бўйлаб чопаётган олапар” қиссаси асосида саҳналаштирилган “Лувр ўрдаги” спектакли намойиш этилди.

20 октябрь куни Қорақалпоғистон Республикаси тарихи ва маданияти музейининг “Мўйноқ экомузейи” филиали ҳамда тумандаги Кўксув кўли бўйида “Орол балиқларидан 99 тур таом” гастрономик халқаро фестивалининг очилиш маросимлари бўлиб ўтди.

Ушбу тадбирларда юртимизнинг барча ҳудудларидан меҳмонлар, шунингдек, Россия, Франция, Германия, Польша ва бошқа давлатлардан келган сайёҳлар иштирок этди. Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан келган ошпазлар томонидан ҳар хил таомлар тайёрланди. Улар ҳайъат аъзолари томонидан баҳолаб борилди. Санъаткорлар миллий қўшиқ ва рақслар ижро этди, ҳунармандлар ўз буюмларини кўргазмага қўйди.

16.JPG

37.JPG
Куннинг иккинчи ярмида тадбирлар туман марказидаги очиқ осмон остидаги “Кемалар музейи” қошида “Орол ва Мўйноқнинг қайта тикланиши” халқаро экофестивали билан давом этди. Иштирокчилар қорақалпоғистонлик таниқли рассомлар ҳамда Болалар мусиқа ва санъат мактаблари ўқувчиларининг “Орол менинг тақдиримда” мавзусидаги асарлари, шунингдек, миллий ҳунармандлик намуналари кўргазмаси билан танишди.

Шу ернинг ўзида “Орол балиқларидан 99 тур таом” гастрономик фестивали ҳамда “Орол ва Мўйноқнинг қайта тикланиши” халқаро экология фестивалларининг ғолибларини тақдирлаш маросими бўлди.

Унда “Энг яхши ошпаз” йўналиши бўйича биринчи ўринни Қорақалпоғистон Республикаси Чимбой туманидан Олтиной Зарипова, иккинчи ўринни Хоразм вилояти Урганч шаҳридан Фарҳод Новвотов, учинчи ўринни Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманидан Халифа Жапарова эгаллади. “Энг яхши ресторан” йўналиши бўйича ҳам ғолиблар аниқланди. Унга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси Нукус туманидаги “Ата макан” ресторани биринчи, Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа туманидаги “Қарақалпақ тағамлари” ресторани иккинчи, Нукус шаҳридаги “Қарақалпағим” ресторани учинчи ўринга муносиб кўрилди.

“Орол ва Мўйноқнинг қайта тикланиши” мавзуида халқаро экофестивалининг ҳам фаол иштирокчилари ва ғолиблари муносиб рағбатлантирилди.

 

Есимхон Қаноатов, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА