Жорий йил 23-25 сентябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Владимир Норов раҳбарлигидаги делегация Бельгияда бўлди.
Ташриф доирасида Европа ташқи фаолият хизмати, Европарламент ва Бельгия Қироллиги парламентида музокаралар ўтказилди. Европарламент, Европанинг Осиё тадқиқотлари институти ва Жанубий Осиё демократия форумида давра суҳбатлари бўлиб ўтди.
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Марказий Осиё бўйича юритаётган минтақавий сиёсати, юртимизнинг ташқи сиёсатидаги тамойиллар ва устувор йўналишлар муҳокама қилинди. Ўзбекистон-Бельгия муносабатларининг бугунги ҳолати, Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ўртасидаги стратегик ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.
Европалик ҳамкорлар мамлакатимиз ҳаётининг барча жабҳаларида юз бераётган жадал ўзгаришларга юксак баҳо берди. Ўзбекистон ҳукуматининг қонун, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари устуворлигини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлари тўлиқ қўллаб-қувватланиши қайд этилди. Бельгиялик сиёсатшуносларнинг сўзларига кўра, қисқа вақт ичида юртимизда демократлаштириш соҳасида улкан натижаларга эришилган, жойларда Президент қабулхоналарини ташкил этиш орқали давлат билан халқ ўртасида самарали мулоқот ўрнатилган, парламентда долзарб масалалар бўйича тингловлар ташкил қилиш механизми жорий этилган, фуқароларнинг диний ҳуқуқлари таъминланмоқда ва айни пайтда аҳоли ўртасида радикаллашувга барҳам берилмоқда.
Ҳукуматимиз саъй-ҳаракати билан мамлакатимизда ишбилармонлик муҳити сезиларли даражада яхшиланди, миллий иқтисодиётимизни модернизация қилиш ва либераллаштиришга қаратилган ислоҳотлар амалга оширилди, кичик ва ўрта бизнес фаол ривожланмоқда. Ўзбекистонда юқори ўсиш суръатлари кузатилмоқда, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича самарали чора-тадбирлар қабул қилинмоқда. Бу эса халқнинг давлатга ва олиб борилаётган ислоҳотларга ишончини мустаҳкамламоқда.
Европа вакилларида Ўзбекистоннинг элатлар ва динлараро тотувликни таъминлаш борасидаги тажрибаси алоҳида қизиқиш уйғотди. Марказий Осиёда етишиб чиққан ислом олами мутафаккирларининг бой маънавий меросини оммалаштириш, ислом динининг асл мазмун-моҳиятини ёшлар ўртасида тарғиб қилиш бўйича Ўзбекистон ташаббусларининг долзарблиги алоҳида қайд этилди. Тобора авж олаётган радикализм ва экстремизм таҳдидлари Ўзбекистон тажрибасини ўрганиш, уни Бельгия ва Европа Иттифоқининг бошқа мамлакатларида татбиқ этиш фойдадан холи бўлмаслигини кўрсатмоқда.
Европа вакилларининг фикрича, Президент Шавкат Мирзиёев юритаётган ташқи сиёсат Марказий Осиёда ишонч муҳитини шакллантириш, минтақавий ҳамкорлик ва хавфсизликни ривожлантиришда муҳим омил бўлмоқда.
Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича Махсус вакили П.Бурианнинг таъкидлашича, бир неча йил олдин минтақа мамлакатлари ўртасида фаол ҳамкорликни тасаввур ҳам қилиш қийин эди. Ҳозирги тенденция Марказий Осиёда хавфсизликни мустаҳкамлаш, иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш тарафдори ҳисобланган Европа Иттифоқининг манфаатларига тўла мос келади.
Айни пайтда П.Буриан Европа Иттифоқининг сув ресурсларидан унумли фойдаланиш ва Оролни қутқариш халқаро жамғармаси фаолияти самарадорлигини ошириш борасида Марказий Осиё мамлакатларига ёрдам кўрсатишга тайёр эканини билдирди.
Давра суҳбатида қайд этилганидек, Европа Иттифоқи Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги минтақавий ҳамкорлик жараёнларига Афғонистонни жалб қилиш бўйича саъй-ҳаракатларини маъқуллайди. Брюссель мазкур йўналишда Тошкент билан ҳамкорликдан манфаатдор.
Европа вакиллари Ҳаракатлар стратегияси Ўзбекистон-Европа муносабатларини стратегик шерикликнинг янги босқичига олиб чиқиш учун улкан имконият эканини алоҳида қайд этди. Уларнинг таъкидлашича, Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича Стратегияси ҳамда Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик битимини янгилаш бу борада муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Европалик вакилларнинг фикрича, Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик битими иқтисодий характерга эга ҳужжат бўлади ва у қонунчиликни такомиллаштириш, халқаро меъёрлар ва стандартларни қўллаш, Ўзбекистонда ишбилармонлик муҳитини яхшилашни кўзда тутади. Европа Иттифоқи мамлакатимиз маҳсулотларининг Европа бозоридаги ўрнини кенгайтиришга тайёр экани қайд этилди.
Учрашувлар якуни бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ва Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Халқаро муносабатлар бўйича ахборот-таҳлил маркази билан Европанинг Осиё тадқиқотлари институти ҳамда Жанубий Осиё демократик форуми ўртасида ҳамкорлик меморандумлари имзоланди. Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари бўйича мунтазам равишда эксперт муҳокамалари ўтказиш бўйича келишувларга эришилди.

 

ЎзА