Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, «халқ дипломатияси» механизмидан фаол фойдаланган ҳолда хорижий мамлакатлар билан дўстона муносабатлар ва маданий-маърифий алоқаларни ривожлантириш, чет элдаги ҳамюртлар билан яқин ва ўзаро манфаатли муносабатларни йўлга қўйишга катта эътибор қаратмоқда.
Жумладан, Қўмита ва Қозоғистон халқлари Ассамблеяси ўртасида ҳамкорлик Меморандуми имзоланиб, маданий-маърифий алоқаларини янада ривожлантириш йўлга қўйилди.
Мана шундай ҳамкорлик доирасида, жорий йилнинг 28 сентябрь куни Туркистон вилояти Тўлабий тумани ҳокими Бауржан Бахыт улы Умарбеков бошчилигидаги 70 кишидан иборат жамоатчилик делегацияси Тошкент шаҳрига ташриф буюрди.
Делегация таркиби Тўлабий тумани халқ Маслаҳати аъзолари, кайвоний оқсоқоллар, уруш ва меҳнат фахрийлари, тадбиркорлар, дин идоралари ҳамда Туркистон вилоятидаги Тўлабий фонди вакилларидан иборат бўлиб, улар “Ғишткўприк” чегара пунктида байрамона кутиб олиндилар.
Сўнгра, меҳмонлар Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига ташриф буюриб, бу ерда ўтказилган дўстлик тадбирида иштирок этдилар.
Меҳмонларни Ёзувчилар уюшмаси раисининг биричи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо ўзининг табрик сўзида Муҳтарам президентларимиз Шавкат Мирзиёев ва Нурсултон Назарбоевларнинг олиб бораётган сиёсатлари, амалга ошираётган ишлари туфайли минг йиллар давомида қон-қардош бўлган, ёнма-ён бўлган, қуда-анда бўлиб, бир дарёнинг сувини ичиб битта нонни, керак бўлса, бўлиб еган иккита қардош элнинг ўртасидаги алоқалар, оддий қилиб айтганимизда борди-келдилар бугун яна йўлга тушаяпти. Адабиёт ва шеърият миллатидан, чегарасидан қатъи назар инсонларни энг яқин қиладиган, бир-бирига қалбини улайдиган воситадир. Демак, адабиёт намояндаларимизнинг, шориларимизнинг дўстлиги бизнинг халқларимизнинг абадий дўстлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади деди.
Тадбирда меҳмонларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси вакиллари, таниқли ўзбек ёзувчилари ва адабиётчилари қизғин қутладилар.
Тадбирда сўзга чиққан Тўлабий тумани ҳокими Б.Умарбеков, шунингдек, қозоғистонлик ёзувчилар, шоирлар ва жамоатчилик вакиллари, кейинги пайтда Президентлар Ш.Мирзиёев ва Н.Назарбоевларнинг сиёсий иродалари туфайли дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик алоқаларини мустаҳкамлаш йўлида ўзбек-қозоқ ҳамкорлигининг барча йўналишлари бўйича ҳақиқатан ҳам улкан натижаларга эришилаётганлигини катта мамнуният билан қайд этиб ўтдилар.
Меҳмонлар Тўлабий хотирасига бағишлаб уюштирилган тушликда сўнг, Ҳазрати Имом масжиди, Темурийлар тарихи давлат музиейида бўлиб, Тошкентнинг бошқа диққатга сазовор жойлари томоша қилдилар.
Ташриф жараёнлари Ўзбекистон ва Қозоғистон Республикаларининг марказий телеканаллари томонидан тасвирга тушурилди, шунингдек бошқа оммавий ахборот воситалари томонидан репортажлар тайёрланди.
Қозоғистонлик меҳмонларининг ўзбек қардошлари билан учрашувдан оладиган қувонч ва шодликлари 2018 йилда Қозоғистонда Ўзбекистон ҳамда 2019 йилда Ўзбекистонда Қозоғистон йилида ўтказиладиган биргаликдаги барча тадбирларга алоҳида руҳ ва кайфият бағишлашини катта мамнуният билан изҳор этдилар.