Миллий тўлов тизимида монополияга чек қўйилади

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 19 сентябрдаги “Миллий тўлов тизимини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида чакана тўловларни қайта ишлаш бўйича давлат процессинг марказининг мавжуд эмаслиги миллий тўлов тизимининг хавфсизлиги даражасини камайтириб, тўлов инфратузилмасининг ягона интеграллашувига эришиш имконини бермаётгани, бир монопол тизимнинг мутлақ устун бўлишига олиб келаётгани қайд этилди. 
Мазкур қарор тизимдаги монопол назоратнинг тартибга солинишига хизмат қилади.
Тўлов тизимлари операторларининг фаолияти қонунчилик даражасида тартибга солинмаганлиги уларнинг ривожланишини чекламоқда ва мазкур тизимларнинг ишончли ишлашига салбий таъсир кўрсатмоқда.
2019 йил 1 июлга қадар Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг Миллий банклараро процессинг маркази, банклараро тўлов тизими ва клиринг марказининг фаолият юритиши учун маълумотларни қайта ишловчи тўлақонли марказ ташкил этилади.
2020 йил 1 январгача маҳаллий ва халқаро банк карталари бўйича ҳисоб-китобларда иштирок этувчи банклар ўртасида ахборот ва технологик алоқа ўрнатишга кўмаклашувчи Миллий банклараро процессинг маркази ишга туширилади.
2020 йил 1 июлга қадар мамлакатдаги барча процессинг марказларининг, шу жумладан, халқаро тўлов тизимларининг бевосита Миллий банклараро процессинг марказининг ягона шлюзи орқали ишлаши, банк тўлов инфратузилмаси доимий равишда яхшиланишини, банкоматлар ва ўзига ўзи хизмат кўрсатувчи кўп функцияли терминаллар тармоғи кенгайтирилади.

 

ЎзА