Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт институтига “Университет” мақоми берилди

15 сентябрь куни Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг янги ўқув биносини фойдаланишга топшириш маросими бўлиб ўтди. 
246109890_391556.jpg
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 мартдаги ПФ-5368-сон “Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт институтига “Университет” мақоми берилган эди.
246135058_392288.jpg
Бугунги кунда университетда истеъдодли ёшларни саралаб олиш, республика ва халқаро спорт мусобақаларида олимпия ҳамда миллий спорт турлари бўйича талабалар спорт клублари ва жамоаларини ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Университетда 5 та факультет мавжуд бўлиб, бакалавр босқичида 3335 нафар, магистратура босқичида 50 нафар талаба таҳсил олмоқда. Шунингдек, 18 та кафедра, 9 бўлим мавжуд. Таълим-тарбия ва ўқув жараёни 333 нафар юқори малакали мутахассислар, жумладан, 21 нафар фан доктори, профессор, 56 нафар фан номзоди, доцент томонидан олиб борилмоқда.
246135260_374045.jpg
5 та ўқув биноси, 2 та талабалар турар-жойи, 2 та ошхона ва ахборот-ресурс маркази, манеж, бокс, таэквондо, ёзги ва қишки сузиш ҳавзалари, гимнастика ва спорт гимнастика, оғир атлетика заллари, теннис, найза улоқтириш майдонлари, футбол ўйингоҳи фаолият кўрсатмоқда.
246215252_391407.jpg
Университет бугунги кунга қадар 30 мингга яқин олий маълумотли мутахассислар тайёрлади. Талабаларнинг аксарият қисми спорт усталари, халқаро тоифадаги спорт усталари, хизмат кўрсатган спорт усталари унвонларига сазовор бўлишган. Улар мамлакатимиз терма жамоалари аъзолари таркибида Олимпиада, Осиё ўйинлари ва жаҳон чемпионатларида иштирок этиб келишмоқда.
Ҳозирги пайтда университет томонидан Хитой жисмоний тарбия ва спорт университети, Молдова давлат жисмоний маданият ва спорт университети, Россиянинг Паволжия давлат жисмоний маданият, спорт ва туризм академияси, Сибир давлат жисмоний маданият ва спорт университети, Корея Республикасининг “Данкук” университети, Германиянинг Немис маслаҳат ва коучинг институтлари билан ҳамкорлик алоқалари олиб борилмоқда. Университетда 6 нафар хориж талабаси (Россия, Қозоғистон) турли спорт турлари йўналишида таҳсил олмоқда.
Келажакда университет ҳудудида 1600 ўринга мўлжалланган талабалар турар-жойи, 600 ўринли ўқув биносига эга бўлган гимнастика зали, 3 та спорт иншооти қуриб битказиш ҳамда футбол майдони ва унинг маъмурий биносини қайта реконструкция қилиш режалаштирилган.

 

ЎзА