Янги қарор аҳолини дон, ун ва нон билан ишончли таъминлашга йўналтирилганми?

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 13 сентябрда “Мамлакатимиз аҳолисини ва иқтисодиёт тармоқларини рақобат ва бозор механизмларини жорий этиш асосида дон, ун ва нон билан ишончли таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Унда 2018 йил 1 октябрдан бошлаб ёшга доир, ногиронлик бўйича нафақа, боқувчисини йўқотганлик пенсияси ва нафақаси (ҳар бир боқимандага), болалигидан ногирон бўлган 16 ёшдан катта шахсларга нафақа, ногирон бўлган 16 ёшгача болаларга нафақа, шунингдек, ёшга доир пенсиянинг белгиланган миқдоридан кам пенсия ва нафақа бўйича ҳар бир нафақа олувчига ун ва қолипли нон харид қилиш бўйича қўшимча харажатларни қоплаш учун энг кам ойлик иш ҳақининг 10 фоизи миқдорида ҳар ойлик пул компенсация тўлаши жорий этилади.
Бундан ташқари, бола икки ёшга тўлгунга қадар уни парвариш қилиш бўйича нафақа олувчи ҳар бир оила, ўзини ўзи бошқариш органлари орқали моддий ёрдам олувчи кам таъминланган оилага ҳам худди шундай имконият бор.
Ушбу қарорда айни масалаларга эътибор қаратилган.
Шунингдек, айни санадан бошлаб 14 ёшгача фарзандлари бўлган оилаларга болалар сонидан келиб чиққан ҳолда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан белгиланадиган нафақа энг кам ойлик иш ҳақига нисбатан қуйидагича тўланади:
– бир нафар фарзанди бўлган оилага – 60 фоиз;
– икки нафар фарзанди бўлган оилага – 100 фоиз;
– уч нафар ва ундан кўп фарзанди бўлган оилага – 140 фоиз.
Ҳудудлардаги туман ва шаҳарлар ҳокимларига кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам тайинлаш шартларига мувофиқ 2019 йил 1 январигача ҳокимликларнинг захира жамғармалари, шунингдек, туман ва шаҳарлар бюджетлари даромадлари прогноз параметрларининг ошириб бажарилишидан тушган маблағлар ҳисобига оиланинг ҳар бир аъзоси ҳисобга олинган ҳолда энг кам ойлик иш ҳақининг 10 фоизи миқдорида пул компенсацияси ажратиш ҳуқуқи берилади.
Ушбу тоифадаги оилаларга (шахсларга) пул компенсацияси тегишли ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан ҳисобланади.
Бундан ташқари, қарорда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари аҳолининг эҳтиёжманд қатламини ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича самарали ва манзилли чора-тадбирларни кўриши, республиканинг барча аҳоли пунктларида турли тоифадаги истеъмолчиларга ун ва нон узлуксиз сотилиши учун шахсан масъул экани белгилаб қўйилди.
Бу борадаги саъй-ҳаракатлар аҳолини мақсадли ва тизимли ижтимоий ҳимоя қилиш, ишлаб чиқаришда рақобатни кучайтириш орқали, аҳолига сифатли нон ва нон маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида ташкил этилмоқда.
Мирлазиз Сайидов,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Сергели туман Кенгаши
депутати

 

ЎзА