“Ҳиндистон-Марказий Осиё” мулоқотининг бешинчи мажлиси

Самарқандда “Ҳиндистон-Марказий Осиё” мулоқотининг бешинчи мажлиси ўз ишини бошлади.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Халқаро муносабатлар ахборот-таҳлил маркази томонидан Халқаро ишлар бўйича Ҳиндистон кенгаши билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда Ҳиндистон ва Марказий Осиё давлатларининг етакчи тадқиқот марказлари олим ва мутахассислари иштирок этмоқда.

Мажлиснинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири ўринбосари Д.Аҳатов, Халқаро ишлар бўйича Ҳиндистон кенгаши бош директори Т.Рагҳаван, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори В.Норов ва бошқалар ушбу форум Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил октябрь ойида Ҳиндистонга амалга оширадиган давлат ташрифи арафасида ўтаётгани билан тарихий аҳамият касб этишини таъкидлади.

17.JPG

–Бугунги кунда Ҳиндистон Ўзбекистоннинг муҳим ташқи сиёсий ва иқтисодий ҳамкорларидан бири ҳисобланади, – деди Халқаро муносабатлар ахборот-таҳлил маркази директори Э.Орипов. – Ўзбекистон-Ҳиндистон муносабатлари халқларимиз ўртасидаги кўп асрлик дўстона ҳамкорликка асосланган юксак даражадаги сиёсий ва дипломатик алоқалар билан ажралиб туради. Президентимизнинг Ҳиндистонга давлат ташрифи эса бу ҳамкорликни янада мустаҳкамлаб, янги босқичда давом эттиришга хизмат қилади. Шу жиҳатдан бугунги форумда муҳокама этиладиган масалалар, билдириладиган таклифларга давлатимиз раҳбарининг ташрифи чоғида ўтказиладиган музокаралар, ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган битимлар тузишда алоҳида эътибор қаратилади.

Форум йиғилишларида Ҳиндистон ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги сиёсий-иқтисодий ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва келгуси истиқболлари, тараққиётга рахна солувчи хавф ва таҳдидларга қарши биргаликда курашиш, икки ва кўп томонлама алоқаларни ривожлантиришда эътибор қаратилиши лозим бўлган масалалар, транспорт-логистика ва инвестиция соҳаларидаги ҳамкорлик муҳокама этилди.

Шунингдек, Афғонистонда барқарорликка эришишда минтақа давлатларининг ўрни ва бу борада қўшни давлатга кўмаклашиш юзасидан фикр алмашилди.

18.JPG

Форум иштирокчилари Ўзбекистоннинг Афғонистонда тинчлик ўрнатиш ва ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга доимий эътибор қаратаётганини алоҳида таъкидлади. Ўзбекистон кейинги йилларда Афғонистон билан савдо-иқтисодий, транспорт, энергетика, маданий-гуманитар алоқаларни янада кенгайтириш билан бирга, “Афғонистон муаммо”сини ҳал этиш бўйича халқаро мулоқотларда фаол иштирок этмоқда. Бу жараёнда “Афғонистонни сиёсий жиҳатдан тартибга солиш афғонларнинг ўз кучи ва раҳбарлигида амалга оширилиши керак”, деган позициясида қатъий турибди.

– Марказий Осиё давлатларининг Ҳинд океанига чиқиш бўйича транспорт коридорида Ҳиндистон билан ҳамкорлик муҳим ўрин тутади, – дейди Қозоғистон Мудофаа ва аэрокосмик саноат вазирлиги қошидаги ҳарбий ва стратегик тадқиқотлар маркази вице-президенти В.Алесин. – Шу боис, “Ҳиндистон – Марказий Осиё” мулоқоти минтақа давлатлари ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантиришга хизмат қилмоқда. Бешинчи мажлисимизда ҳам ушбу йўналишдаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилиниб, минтақада хавфсизликни таъминлаш, юзага келаётган айрим таҳдидларга қарши биргаликда курашиш ҳамда Афғонистондаги вазиятга эътибор қаратилди. Бу борада Ўзбекистон илгари сураётган ташаббуслар қўллаб-қувватланди.

Форум қатнашчилари Марказий Осиё давлатларининг Ҳиндистон ҳамкорлигини мустаҳкамлашга доир долзарб таклиф ва тавсиялар баён этдилар.

–“Ҳиндистон – Марказий Осиё” мулоқотининг ҳар бир мажлиси давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш, турли соҳалар бўйича алоқаларни изчил йўлга қўйишга хизмат қилмоқда, – дейди Халқаро ишлар бўйича Ҳиндистон кенгаши бош директори Т.Рагҳаван. – Ўзбекистон мезбонлик қилаётган бешинчи мажлисимизда ҳам Ҳиндистон ва Марказий Осиё давлатларидаги нуфузли “ақл марказлари” билан биргаликда ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш юзасидан муҳим масалалар кўриб чиқилмоқда. Ҳиндистон ва Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Ўзбекистон билан ахборот-коммуникация соҳасида алоқаларни янада ривожлантиришга келишиб олинди.

Мажлис якунлари бўйича Халқаро муносабатлар ахборот-таҳлил маркази ва Халқаро ишлар бўйича Ҳиндистон кенгаши ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланиши кўзда тутилган.

 

Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат) ЎзА