Казанцев Олег Владимирович сайёҳ, Москва шаҳри:
– Дунёнинг бир қатор ривожланган давлатларида саёҳатда бўлганман. Менда бир неча йиллардан бери Ўзбекистонга туризм сафари билан келиш нияти бор эди. Ўзбекистон қанчалик бой тарихга ва маданиятга эга эканлиги ҳақида бу ерга келиб тушуниб етдим. Бу ўлкага қадам ранжида этишим билан аввало мусаффо ҳавоси танамни яйратди.
Саёҳатга келган турист аввало ўзларига яратилган шарт-шароит билан қизиқади.Тошкентдаги мен жойлашган меҳмонхона яшаш учун барча қулайликларга эга ва хизмат сифатининг юқорилиги кўнглимга илиқлик бахш этди.
Келган кунимнинг эртасига тонгданоқ саёҳатимни бошладим.Тошкент кўчаларининг ободлиги, олиб борилаётган қурилишлар, барпо этилган иншоотлар, халқ учун яратилган бундай катта имкониятлардан кўзим қувнади.
Мени ҳар дақиқада вақтим камлиги безовта қилар, нималарнидир кўришга, худдики улгурмай қоладигандек шошар эдим.
Ўзбек миллий таомлари… Оҳ-оҳ! Мен шу диёрнинг таомларидан тотиб кўрдим-у, гўё овқатланишнинг ҳақиқий таъмини ва мазасини илк марта ҳис этдим. Бу лаззатнинг таърифини келтиришга ожизман.
Саёҳатимнинг илк куниданоқ Тошкент вилоятида жойлашган “Чорвоқ” эркин иқтисодий зонасига сайр этдим. Ўзбекистонга келишимдан олдин ҳам бу юртни жаннатмакон диёр, дея таърифлаганларини кўп эшитганман. Чорвоққа етиб бордим-у, бу мамлакатга нега жаннат қиёси берилганлигини тушуниб етдим. Бу ердаги табиатнинг гўзал манзараларини кўриб, ҳақиқий жаннатни кашф этгандек бўлдим.
“Чорвоқ”да менинг вақтим гўёки бир дақиқадек ўтиб кетди-ю, аммо унинг завқи бир умр мени тарк этмаса керак.
Биласизми, Ўзбекистонни танийдиган сайёҳларнинг кўпчилиги бу заминнинг бой тарихи борлигини, буюк аждодлари ўтганлигини билишади. Бу ҳақда мен ҳам кўп эшитганман.
Мен бу ерга келишимдан олдин бу давлатнинг Амир Темур ва унинг тарихи ҳақида, Шаҳрисабз, Оқсарой ҳақида ўқигандим. Аммо китобларда ўқиган тарих билан юзлашганимда, мен шоир ёки ёзувчи бўлмаганимга афсусландим. Чунки мен гувоҳи бўлаётган манзараларни қобилиятли ижодкор таърифламаса, ҳис-туйғуларимни таърифлашга ожизман.
Шаҳрисабзга кириб келар эканман, муҳташам Оқсаройни ва Амир Темурнинг яшаб ўтган манзилларини кўриб, тўғриси, кўзларимга ишонмадим.
Мен Шахрисабзга кириб борганимда, бўлиб ўтиши кутилаётган Халқаро мақом санъати анжуманига тайёргарлик ишлари авжида эди. Ушбу фестивалнинг ўтказилиши учун Шахрисабзнинг танланиши энг оқилона ва гўзал иш эканлигини мендан бошқа ташриф буюрувчилар ҳам тан олишига ишонаман.
Афсуски, менга ушбу анжуманда иштирок этиш насиб этмади. Ҳозир шу фестивалда қатнашаётган барча сайёҳларга чин дилдан ҳавасим келяпти.
Кўпгина хорижий давлатларнинг эътиборини тортган Самарқанд ва Бухоро шаҳарларига қилган саёҳатим, тан оламанки, ҳаётимдаги энг сермазмун, энг унутилмас кунларимга айланишига шубҳам йўқ.
Самарқанд ва Бухородаги тарихий обидаларни айланиб чиқиб, нега бу ерга саёҳат қилишни орзу қиладиган туристлар сонининг кўплигини тушуниб етдим.
Мен илк бора ўзбек хонадонларида бўлиб ўтадиган ўзбекона тўйда иштирок этдим. Очиғи, бундай чиройли ва файзли тўйларни бошқа ерда кўрмаганман ва ишондимки, бундай тўйлар бағрикенг ўзбек элига ярашади.
Таъкидлашим жоизки, Ўзбекистон Президенти Шавкат Миромоновичнинг олиб бораётган ислоҳотлари, амалга ошираётган инновацион лойиҳаларидан бош мақсад, аввало халқи иқтисодиётини бой қилиш, турмушларини фаровон этишларидан иборатлигини мен кўзларим билан кўриб, гувоҳ бўлдим ва бу тинч элга, гуллаб-яшнаган диёрга ҳавасим келди. Мен Ўзбекистонга қилган саёҳатимдан олам-олам маъно олдим. Менинг оила аъзоларим айрим сабаблар билан Ўзбекистонга кела олишмаган эди. Қисқа фурсатлар ичида уларни ҳам мен баҳра олган ушбу жаннатмакон юртга олиб келишни ният айладим.
Саёҳатимдан шуни англадимки, кейинги йиллар ичида Ўзбекистон эришаётган катта ютуқлар бежизга эмас экан!
Ўзбекистонда туғилиш ва яшаш фахр эканлигини ҳис этдим!
Муҳайё Тошқораева, ЎзА