Эндиликда Тожикистонда давлат амалдорлари ўз даромадлари ва мол-мулкларни яширадиган бўлса, эгаллаб турган мансабларидан айрилади.
Ҳукумат томонидан парламентга тақдим қилинган таклиф депутатлар томонидан бир овоздан маъқулланди. Бундан кейин амалдорлар даромад ва мол-мулклари борасида нафақат солиқ қўмитасига, балки раҳбариятга ҳам ҳисобот бериб турадилар.
Тожикистон парламенти матбуот хизматининг маълум қилишича, қонунга киритилган янги қўшимчалар Давлат хизматчиларининг даромадлари тўғрисидаги декларация шаффофлигини таъминлайди. Давлат хизматчилари ўзларининг даромадлари — кўчадиган ва кўчмайдиган мулклари, банк ҳисоблари, қимматбаҳо қоғозлари, 25 минг сомонидан юқори бўлган кредитлари ва оила аъзоларининг мулклари ҳақида тўла маълумот беришга мажбур. Агар давлат хизматчиси нотўғри ёки тўла бўлмаган маълумот тақдим қилгудек бўлса, ишдан бўшатилади.