Нукус шаҳридаги Марказий деҳқон бозорида “Мустақиллигимизга менинг туҳфам” шиори остида тадбиркор, фермерлар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмаси ўтказилди.
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши ташаббуси билан ташкил этилган кўргазма-савдода 50 дан ортиқ тадбиркор, фермер ва деҳқон хўжаликлари ўзлари етиштирган маҳсулотларни намойиш этди.
Қорақалпоғистон Республикасида 15 мингдан зиёд тадбиркорлар фаолият юритмоқда. Шулардан 1 минг 455 таси янгидан иш бошлаган тадбиркорлардир. “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури ижроси доирасида 49,7 миллиард сўмлик имтиёзли кредитлар ажратилиши белгиланган. Бу ёшларнинг ўз тадбиркорлигини бошлашида муҳим аҳамият касб этиб, тадбиркорлар сони яна ортади, деганидир. Энг асосийси, янги иш ўринлари яратилади.
“ЗарДилДилбар” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Паруаз Ережепова тадбиркорларга яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланмоқда. Унинг текстиль маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхонасида дастлаб икки киши меҳнат қилган. Айни пайтда Қорақалпоғистоннинг учта туманида корхона филиаллари ташкил этилган. 30 нафардан зиёд ишчилар меҳнат қилаётган корхонада пайпоқ ишлаб чиқариш ҳам йўлга қўйилган. Кўргазма савдода тадбиркор 40 турдаги маҳсулотлари билан иштирок этди.
Кўргазмада фаол иштирок этган тадбиркорлар, аҳоли, айниқса, ёшларни иш билан таъминлашда муносиб ҳисса қўшган ишбилармонлар ташкилотчилар томонидан рағбатлантирилди.
Е. Қаноатов, ЎзА