Делегация Орол денгизининг қуриган майдонида бўлди

Европа халқ партиясининг Германиядаги фракцияси аъзоларидан ташкил топган бир гуруҳ меҳмонлар Қорақалпоғистон Республикасига келди.
Меҳмонларни Нукус халқаро аэропортида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси Қ.Сариев кутиб олди.
Делегация аъзолари аввал Мўйноқ туманига ташриф буюрди. Туманда янгидан очилган Мўйноқ экологик музейига ва тумандаги бошқа диққатга сазовор жойларга саёҳат уюштириб, ҳудудда амалга оширилаётган қурилиш ва ободонлаштириш ишлари билан танишди.
Орол денгизининг қуриган ҳудудини кўздан кечирган делегация аъзолари денгизнинг қуриши сабабли келиб чиқаётган муаммоларни бартараф қилиш, экологик муаммоларнинг оқибатларини юмшатиш борасида амалга оширилаётган ишларни кўздан кечирди.
Делегация аъзолари сафар доирасида И.Савицкий номидаги Қорақалпоқ давлат санъат музейи, Миздакхан тарихий мажмуаси, Аёз қалъа тарихий ёдгорлигига саёҳат уюштирди.
Мазкур тадбирда асосий эътибор Ўзбекистон-Европа муносабатларининг жорий ҳолати, мамлакатимиздаги ислоҳотлар жараёнига Европа Иттифоқининг тажрибаси ва молиявий-техник кўмагини жалб этиш, Орол денгизи қуришининг салбий оқибатларини камайтириш масалаларига қаратилган.

 

Есимхон Қаноатов, ЎзА