Ўзбекистон – Беларусь: ҳамкорлик алоқалари кенгаймоқда

Беларусь Республикаси Бош вазири ўринбосари Михаил Русий бошчилигидаги делегациянинг мамлакатимизга ташрифи доирасида Халқаро ҳамкорлик марказида Икки томонлама ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Беларусь ҳукуматлараро қўшма комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Тадбирда икки мамлакатнинг ташқи иқтисодий алоқалар, савдо-саноат, сармоя, банк-молия, қишлоқ ва сув хўжалиги, озиқ-овқат саноати, сайёҳлик, фармацевтика, соғлиқни сақлаш, электротехника каби соҳалар учун масъул вазирлик ва идоралари, компания ва концернлари раҳбарлари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, комиссия ҳамраиси Н.Отажонов ва бошқалар икки томонлама ҳамкорлик кўплаб муҳим йўналишларда изчил ривожланиб бораётганини таъкидлади. Ўзаро ишонч ва англашув асосидаги давлатлараро амалий мулоқот мустаҳкамланиб бораётгани мамлакатларимизни барқарор ривожлантириш ва халқларимиз фаровонлигини ошириш йўлида саъй-ҳаракатларни бирлаштириш имконини бераётгани қайд этилди.

Мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар муносабатлар ривожида Икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг алоҳида ўрни бор. Ўзбекистон билан Беларусь ўртасидаги ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, аниқ мазмун билан бойитишда унинг мажлислари муҳим аҳамият касб этмоқда.

Қўшма комиссиянинг мазкур йиғилишида Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенконинг мамлакатимизга кутилаётган ташрифига пухта ҳозирлик кўриш ва кўп қиррали шериклик алоқаларини мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Мажлисда савдо-иқтисодий, туризм, маданий-гуманитар ва бошқа қатор соҳаларда ҳамкорликни ривожлантиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Йиғилиш якуни бўйича протокол имзоланди, 2019-2020 йилларда Ўзбекистон Республикаси билан Беларусь Республикаси ўртасидаги муносабатларни янада чуқурлаштириш чора-тадбирлари режаси тасдиқланди.

Шунингдек, Беларусь делегацияси аъзолари Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводида бўлиб, мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотлари билан танишди. Меҳмонларга мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, янги технологияларни жорий этиш, ҳамкорликда ишлаб чиқарилаётган қишлоқ хўжалиги техникаси ҳақида маълумот берилди. Қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва истиқболли лойиҳаларни рўёбга чиқариш масалалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги ҳамкорлик халқларимизнинг яқин маданий алоқалари ва дўстлик муносабатларида ҳам ўз ифодасини топган. Тошкентда буюк беларусь адиби ва жамоат арбоби Якуб Колас меъморий ёдгорлиги ўрнатилиши бу фикрнинг ёрқин далилидир.

Ушбу меъморий ёдгорлик очилишига бағишлаб ўтказилган маросимда Беларусь делегацияси, мамлакатимиздаги давлат ва жамоат ташкилотлари, турли миллий маданият марказлари вакиллари, шоир ва ёзувчилар, адабиётшунослар, санъаткорлар иштирок этди.

Шу куни меҳмонлар ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан ташкил этилган бир қатор музокараларда иштирок этди. Тошкентнинг диққатга сазовор жойларида бўлиб, мамлакатимизнинг бой тарихи ва маданияти билан яқиндан танишди.

 

Улуғбек Шоназаров, ЎзА