Ўзбекистон қиличбозлик федерациясининг 2024 йил якунлари бўйича ҳисобот конференциясида ўтган йилларда олиб борилган кенг кўламли ишлар, ўзбек қиличбоз-спортчилар, мураббийлар ва ҳакамларнинг спортда эришган ютуқлари таъкидланиб, минтақада уни янада оммалаштириш, ушбу спорт тури билан шуғулланувчи ёш спортчилар сафини кенгайтириш, спорт жиҳозлари билан таъминлаш каби муҳим масалалар, уларнинг ечими муҳокама этилди.

Таъкидланганидек, ўзбек қиличбозларининг жаҳон даражасидаги ўрни йил сайин ўсиб бормоқда. Спортчиларнинг халқаро мусобақаларда иштирок этиши, шунингдек, ўқув-машғулот йиғинларда пухта тайёргарлик кўриш ғалабалар учун замин тайёрлади.

Тадбир доирасида федерация ҳудудий бўлимларининг фаол раҳбарлари ва вакиллари, фахрийлар, мураббийлар, ҳакамлар қиличбозлик спортини янада оммалаштириш ва ривожлантиришга қўшаётган ҳиссалари учун тақдирланди.

Шу жумладан, ёш авлодни спортга жалб қилиш, ушбу спорт турини кенг тарғиб этиш, оммалаштириш ва ривожлантириш борасида олиб борган самарали фаолияти учун федерациянинг Қорақалпоғистон Республикаси бўлими Ташаккурнома, шунингдек, қиличбозлик бўйича юқори натижаларга эришган спортчиларни тайёрлашга муносиб ҳиссаси учун қорақалпоғистонлик 4 нафар мураббий сертификат билан тақдирланди.

– Бугунги кунда қиличбозлик спорт турида жами 27 нафар мураббий (шундан 6 нафар аёл) фаолият кўрсатмоқда, – дейди Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси Қорақалпоғистон бўлими бош котиби Даўлетмурат Қалқоразов. – Шундан 23 нафар мураббий олий маълумотли, 4 нафари ўрта-махсус маълумотли. Қиличбозлик спорт тури билан жами 495 нафар (шундан, қизлар 179 нафар) ёш мунтазам шуғулланиб келмоқда. Ўтган йили Ўзбекистон терма жамоасининг асосий таркибига 22 нафар, захира таркибига 18 нафар, жами 40 нафар спортчи қабул қилинди.

2024 йилда қорақалпоғистонлик спортчилар жами 319 медални, шундан, Ўзбекистон чемпионати ва кубокларида 250 та, (69 та олтин, 59 та кумуш, 122 та бронза), Осиё чемпионати ва кубокларида жами 33 та медаль (19 та олтин, 5 та кумуш, 9 та бронза), Жаҳон чемпионати ва кубокларида жами 6 та медаль (1 та олтин, 1 та кумуш, 4 та бронза), халқаро турнирларда 28 та медаль (6 та олтин, 5 та кумуш, 17 та бронза) қўлга киритди. Нуфузли мусобақалардаги натижаларга келсак, 2024 йилда Зайнаб Дайибекова қиличбозликнинг сабля йўналиши бўйича Париж шаҳрида (Франция) ўтказилган XXXIII ёзги Олимпия ўйинлари иштирокчиси ва Ханчжоу шаҳрида (Хитой) бўлиб ўтган ёзги Осиё  ўйинларида биринчи ўринни, Муса Айтмуратов қиличбозликнинг сабля йўналиши бўйича Осиё ва Жаҳон чемпионатида биринчи ўринни, Дилноза Мурзатаева қиличбозликнинг шпага йўналиши бўйича Ханчжоу шаҳрида (Хитой) бўлиб ўтган ёзги Осиё ўйинларида учинчи ўринни, Гулистон Пердебаева қиличбозликнинг сабля йўналиши бўйича ушбу Осиё ўйинларида биринчи ўринларни қўлга киритди. Шунингдек, Наргиза Жақсибаева сабля йўналиши бўйича Жаҳон чемпионатида 2 карра учинчи, Алпамис Орақбаев сабля йўналиши бўйича Жаҳон чемпионатида учинчи,  Ислом Абдазов  сабля йўналиши бўйича Осиё ва Жаҳон чемпионатида биринчи, Аякоз Жумамуратова сабля йўналишида Жаҳон кубогида иккинчи ўринларни қўлга киритиб, мамлакатимиз байроғини юксакларга кўтариб келмоқда.

Таниқли спортчи Зайнаб Дайибекованинг икки марта Президентимиз совғаси автомашина ва уни мураббийи Дауирбек Жийемуратов ҳам автомашина билан тақдирланиши ёшларнинг ушбу спорт турига қизиқишини янада орттирди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 23 сентябрдаги “Спорт мактаблари фаолиятини ҳамда спорт мактаблари тренерлари ва мутахассислари меҳнатини моддий рағбатлантириш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори ушбу спорт турининг ривожида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА