Адлия вазирлиги томонидан инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўналишида қандай ишлар амалга оширилмоқда? Бу саволга вазирлик ахборот хизмати раҳбари Шоҳида Йўлдошева жавоб берди:
– 2024 йилда аҳолининг заиф қатламлари ҳуқуқи ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга қаратилган бир қатор тадбирлар ва ташаббуслар амалга оширилди.
Хусусан, августда ўтказилган “Хотин-қизларга ҳуқуқий кўмак” акцияси доирасида ҳудудий адлия органлари томонидан жойларда 2 мингдан ортиқ оммавий сайёр қабул ташкил этилиб, уларда 37 минг нафарга яқин фуқаро қамраб олинди.
Улардан 12,7 минг нафаридан ортиғига бирламчи ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, акция доирасида 3 минг 586 нафар хотин-қизнинг муаммолари ижобий ҳал этилиб, 3 минг 332 нафар хотин-қизнинг реал ҳуқуқий ҳимояси таъминланишига эришилган.
Масалан, Андижон вилоятининг Пахтаобод ва Олтинкўл туманларида ҳомиладорлик ва туғиш таътилига чиққан таълим ва тиббиёт тизимида ишловчи 69 нафар ходимга жами 465 миллион сўмдан ортиқ пул маблағи тўлаб берилмагани аниқланган. Адлия органлари аралашуви билан маблағлар тўлаб берилиши таъминланди.
Шунингдек, акция доирасида республика бўйича хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари ҳимоя қилинганлик ҳолати ўрганилди. Аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари бўйича адлия органлари томонидан 785 таъсир чоралари қўлланилди. Шу жумладан, 396 тақдимнома, 71 огоҳнома, 210 даъво аризаси киритилди. Натижада жами 7 миллиард 811,5 миллион сўм ундириб берилди.
Яна бир мисол – 14- 28 октябрь кунлари “Озодликдан маҳрум этиш жойларидан озод этилган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш” ҳуқуқий акцияси ўтказилди. Унда озодликдан маҳрум этиш жойларидан озод этилган шахслар билан манзилли ишлаш, уларнинг муаммоларини яқиндан ўрганиш мақсадида “Ҳуқуқий тарғибот куни” ва “Адлия куни” тадбирлари, оммавий сайёр қабуллар ташкил этилди.
Хусусан, 748 нафар озодликдан маҳрум этиш жойларидан озод қилинган шахснинг муаммолари ижобий ҳал этилиб, 605 нафарининг реал ҳуқуқий ҳимояси таъминланишига эришилди.
Шунингдек, адлия органлари томонидан “Ишга марҳамат” мономарказлари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда 333 марта “Бўш иш ўринлари” меҳнат ярмаркалари ташкил этилди. Натижада 183 нафар шахснинг бандлиги таъминланиб, 128 нафар шахс бепул касбга тайёрлов курсларига ўқиш учун жалб қилинди.
Акция доирасида ўтказилган ўрганишлар ва мониторинглар натижасида 600 га яқин, хусусан, ижтимоий тўловлар билан боғлиқ 79, меҳнат масалаларига оид 171, имтиёзлар билан боғлиқ 9 та ва бошқа масалалар юзасидан қонунбузилиш ва камчиликларга йўл қўйилганлик ҳолатлари аниқланган.
Адлия органлари томонидан тегишли ташкилотларга 50 тақдимнома, 31 даъво ариза, 51 огоҳнома ва 10 дан ортиқ маъмурий жавобгарликка тортиш бўйича таклифлар киритилди. Натижада фуқароларга 100 миллион сўмга яқин пул маблағи ундириб берилиши таъминланди, 40 та қонунчиликка мувофиқ бўлмаган ҳужжатлар бекор қилинди.
Республиканинг барча ҳудудларини қамраб олган бундай тадбирлар доирасида иштирокчиларга юридик ёрдам олиш имкониятлари ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмлари ҳақида маълумотлар тақдим этилмоқда. Шунингдек, уларнинг муаммолари ва ҳуқуқий масалаларини ҳал этишда амалий ёрдам кўрсатилмоқда.
Н.Абдураимова,
ЎзА