Президент Шавкат Мирзиёев 3 декабрь куни Фарғона вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, инвестиция ва тадбиркорлик муҳитини янада яхшилаш чора-тадбирлари юзасидан йиғилиш ўтказди.
Ҳудудлар иқтисодиётига эътибор натижасида Фарғонада ҳам имкониятлар юзага чиқмоқда. Сўнгги 7 йилда саноат корхоналари қарийб 3 баробар кўпайиб, 13 мингтага етган. Инвестиция лойиҳалари натижасида 116 мингта иш ўрни яратилган.
Давлатимиз раҳбарининг шу йил июль ойидаги ташрифи иқтисодиёт ривожига янги суръат бағишлади. Бу йил 10 ойда хорижий инвестициялар ҳажми 1,5 миллиард долларни, экспорт кўрсаткичи 910 миллион долларни ташкил қилди.
Энди буни келгуси йилда ҳам давом эттириб, инвестиция, иш ўрни ва экспортни кўпайтириш зарур. Йиғилишда Президент бу борадаги имкониятлардан айримларини кўрсатиб ўтди.
Яқинда “Қўқон” эркин иқтисодий зонаси Қувасой шаҳри ҳисобидан 210 гектарга кенгайтирилди. Бу ҳудудда умумий қиймати 1 миллиард долларлик 185 та лойиҳани жойлаштириб, қарийб 12 мингта иш ўрни яратиш мумкин. Шунингдек, Қўқонда 71 гектарда технопарк ташкил этилиши биринчи босқичда 900 миллион долларлик, 5 минг ишчилик корхоналарга йўл очади.
Хитойлик ишбилармонлар билан 1 миллиард долларлик, Жанубий Корея билан 240 миллион долларлик инвестициявий келишувларга эришилган. Уларни амалга ошириш учун вилоят туман ва шаҳарларида 1 минг 210 гектарда саноат зоналари ташкил қилишга зарурат бор. Бўлажак корхоналарда 30 минг киши, жумладан, камбағал оила вакиллари иш билан таъминланади.
Бешариқ туманида савдо-логистика маркази қурилиши бошланган. У, худди Термиздагидек, эркин савдо зонасига айлантирилиб, дўконлар тадбиркорларга ижарага берилади. Бунинг самарасида вилоят экспорти қўшимча 50 миллион долларга, иш ўринлари эса 2 мингга кўпаяди. Шундай мажмуани Қувасой шаҳрида ҳам барпо этиш мумкин.
Қишлоқ хўжалигида ҳам катта имкониятлар бор. Фарғонада аҳоли ихтиёрида, йўл ва дала четларида, сув ва ўрмон фондида жами 91 минг гектар ер мавжуд. Улардан унумли фойдаланиб, маҳсулотларни ҳамда қайта ишлашни кўпайтириш зарур.
Масалан, Фарғона туманидаги 15 та маҳаллада йилига 6 минг тонна малина етиштирилади. Уларга яқин ҳудуддан ер берилса, тадбиркор малинани сақлаш, қайта ишлаш ва қадоқлашни йўлга қўйиб, қўшилган қийматни 2,5 карра ошириш таклифини билдирган. Бошқа бир ташаббускор Сўхдаги ўрмон ерини ижарага олиб, 800 гектарда каврак, 50 гектарда заъфарон етиштирмоқчи.
Олтиариқдаги иккита насос станциясига 9 километр қувур тортиб, қувватини ошириш орқали 1 минг 400 гектарда интенсив боғ қилса бўлади. Унда қўшимча 55 минг тонна экспортбоп мева етиштирилади.
Йиғилишда Фарғона вилояти ҳокими шу каби имкониятларни ишга солиш бўйича режаларини тақдимот қилди. Хусусан, келгуси йилда 3,7 миллиард доллар инвестиция олиб келиш, экспортни 1,5 миллиард долларга етказиш мўлжалланган. 500 минг фуқаронинг бандлигини таъминлаш, 22 минг оилани камбағалликдан чиқариш вазифа қилиб олинган.
Давлатимиз раҳбари бу таклифларни такомиллаштириб, вилоят иқтисодиётини ривожлантириш бўйича қарор тайёрлашга кўрсатма берди. Экспортчиларга барча қулайликларни яратиш, бандликка кўмаклашиб, ишсизликни камайтириш зарурлиги таъкидланди. Ҳокимлар ва бошқа мутасаддиларнинг бу борадаги масъулиятини ошириш шартлиги белгиланди.