2025 йилда маҳаллий бюджетларнинг мустақиллигини ошириш учун улар ихтиёрида қоладиган солиқ тушумларини кўпайтириш режалаштириляпти. Бунда 2025 йил 1 январдан айланмадан олинадиган солиқ, юридик шахслардан олинадиган мол-мулк ва ер солиғи, давлат активлари ижарасидан тушадиган тушумлар ҳамда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи тушумларининг камида 50 фоизигача қисми туман (шаҳар)лар бюджетларига қолдирилади.

Шу билан бирга, 2026 йил 1 январдан туман (шаҳар)лар бюджетларига мазкур даромад тушумларидан ажратмалар миқдорига келгуси уч йил давомида ўзгартириш киритилмаслиги назарда тутилмоқда.

Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясининг йиғилишида “2025 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокамаси давомида айтиб ўтилди.

Йиғилишда депутатлар бош молиявий ҳужжат лойиҳасини қизғин муҳокама қилиб, партиянинг сайловолди дастури, мақсад ва ғояларидан келиб чиққан ҳолда қатор таклифларни илгари сурди. Хусусан, депутатлар қонун лойиҳасида экспортчи тадбиркорлик субъектларига берилган солиқ имтиёзларини бекор қилиш назарда тутилаётганига эътибор қаратиб, сабаблари билан қизиқди.

Бундан ташқари, Болаларни қўллаб-қувватлаш фондига ажратилаётган маблағ миқдори юзасидан эътироз билдириб, Бюджетномада назарда тутилган маблағ оғир вазиятга тушган, ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларни аниқлаш ва ёрдам кўрсатиш учун етарли эмаслигини таъкидлади. Фондга ажратилаётган маблағ миқдорини қайта кўриб чиқиш таклифи илгари сурилди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА