Жаҳон болалар куни 1954 йил Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан эълон қилинган бўлиб, 20 ноябрь куни бутун дунё бўйлаб биродарлик, ҳамжиҳатлик куни сифатида болалар фаровонлигини таъминлашга қаратилган тадбирлар билан нишонланади.

БМТ 1959 йил шу куни Бола ҳуқуқлари декларациясини, 1989 йил эса Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни қабул қилган. Иккинчи ҳужжат айни йўналишдаги энг кўп ратификация қилинган шартнома бўлиб, ҳаёт, соғлиқ, таълим, дам олиш, бўш вақтни мазмунли ўтказиш, ота-онага ғамхўрлик қилиш, зўравонлик ва камситишдан ҳимоя қилиш, ўз фикрини билдириш каби ҳуқуқларни ифодалайди. Конвенция 1990 йил 2 сентябрда кучга киргач, болаларга муносабат ва муомала усуллари тубдан ўзгарди.

Болалар ҳуқуқи, уларнинг яшаши ва ривожланишига доир манфаатларни ҳимоя қилиш мақсадида БМТ тузилмаси – UNICEF 190 дан ортиқ мамлакат ва ҳудудда болалар саломатлиги ва овқатланишини қўллаб-қувватлаш, оналар ва чақалоқлар учун ОИВ профилактикасини юритиш ва даволаш, болалар ва ўсмирларни зўравонлик ва эксплуатациядан ҳимоя қилиш бўйича фаолият юритади.

БМТ маълумотига кўра, ҳозир ер юзида ҳар бешинчи бола ўта қашшоқ яшаяпти, 160 миллион ўғил-қиз, яъни ҳар ўнинчи бола омон қолиш учун меҳнат қилишга мажбур. 240 миллион ногирон болаларнинг кўпчилиги жамиятдан ихоталанган, таълим ва тегишли тиббий хизматдан маҳрум.

Сайёрамиздаги қарийб ҳар бир бола у ёки бу даражада иқлим ёхуд экология билан боғлиқ хавф-хатарга дучор бўлади. Юз миллионлаб бола ва ўсмир циклон, сув тошқини, қурғоқчилик оқибати ёки ифлос ҳаво таъсири туфайли ҳалок бўлиши, жароҳатланиши, касалланиши эҳтимоли кучли. Бир миллиардга яқин – дунёдаги 2,2 миллиард боланинг, деярли, ярми 33 мамлакатда табиий офатнинг «ўта юқори хавфи остида» яшаяпти.

Жаҳон болалар куни болалар ҳуқуқи муҳофазаси йўлида мулоқот ва фаол ҳаракат олиб бориш орқали дунё болалари учун дўстона муҳит яратиш имкониятидир.

Муҳаррама Пирматова, ЎзА