Ажиниёз таваллудининг 200 йиллиги
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 16 июлдаги “Атоқли қорақалпоқ шоири ва мутафаккири Ажиниёз Қўсибой ўғли таваллудининг 200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш юзасидан жойларда кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Дарҳақиқат, шоир ўзининг бетакрор ва сермазмун ижоди билан халқимиз маданияти ва адабиётини ривожлантириш, ёш авлодни ватанпарварлик ва эзгу ғоялар руҳида тарбиялаш, ўзбек ва қорақалпоқ халқлари ўртасидаги азалий дўстликни мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшган улкан ижодкор ҳисобланади. Шунинг учун ҳам ҳассос шоирнинг шеър ва достонларида акс этган гуманистик фалсафий қарашлар эл-юртимиз қалбидан чуқур жой эгаллаган. Ажиниёз Қўсибой ўғли таваллудининг 200 йиллигини нишонлаш ЮНЕСКОнинг халқаро юбилейлар режасига киритилгани ҳам унинг ижодий мероси нақадар умумбашарий аҳамиятга эга эканлигидан далолат беради.
Қарор ижросини таъминлаш доирасида шоирнинг “Танланган асарлар” тўплами ўзбек ва қорақалпоқ тилларида нашр қилинди, ҳаёти ва фаолиятига бағишланган саҳна асарлари ҳамда “Ажиниёз” бадиий-публицистик фильми яратилди. Шоир ижодига бағишланган “Айт, сен Ажиниёзнинг қўшиқларидан” мавзусида мамлакатимиз ёш ижодкорларининг танлови, ижод мактаблари ўқувчилари ўртасида унинг ҳаёти ва ижодига бағишланган иншолар танлови ўтказилди.
Қарорда Ажиниёз Қўсибой ўғлининг адабий меросини ўрганиш мавзусида халқаро илмий-амалий конференциялар уюштирилиб, Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида шоир музейини ташкил қилиш, шоирнинг Мўйноқ туманидаги қабрини ободонлаштириш ва унга ёдгорлик ўрнатиш ишлари амалга оширилди.
Нукус шаҳри ва туманларда шоирнинг 200 йиллик юбилейи муносабати билан турли тадбирлар ўтказилмоқда. Унда нафақат мамлакатимиздан балки, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Туркия давлатларидан олимлар, ёзувчилар ва шоирлар иштирок этмоқда.
Тадбирнинг дастлабки куни иштирокчилар Нукус шаҳридаги шоир ҳайкалига гулчамбар қўйди. Оққуш мажмуасида халқаро илмий-назарий конференция ва бадиий-адабий кеча бўлиб ўтди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев сўзга чиқиб, Президентимиз ташаббуси билан буюк мутафаккир бобомиз таваллудининг 200 йиллиги ЮНЕСКО доирасида нишонланадиган халқаро юбилейлар қаторига киритилгани, Ажиниёз Қўсибой ўғлининг номини абадийлаштириш бўйича қатор ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади.
Тадбир очилишида сўзга чиққан олимлар Ажиниёз Қўсибой ўғлининг ҳар қандай даврда ҳам ўз қийматини йўқотмайдиган бебаҳо асарлари қадри йиллар ўтган сайин ортиб боришини, унинг қолдирган мероси янада халқимиз маънавиятини бойитишда хизмат қилишини таъкидлади.
Тадбирда бир қатор олимлар ва жамоат арбобларига Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг “Фахрий ёрлиғи” топширилди. Санъат ва маданият ходимлари томонидан ташкил этилган концерт дастури иштирокчиларга яхши кайфият бағишлади.
Шу куни Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида Туркий халқлар академияси ташаббуси билан шоирнинг сара асарлари Турк ва Озарбайжон тилларига таржима қилинган китобларининг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.
Шоир таваллудининг 200 йиллигига бағишланган тадбирлар давом этмоқда.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири