Нукус шаҳридаги Ёшлар марказида Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг Қорақалпоғистон Республикаси бўлими умумий йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда уюшма бўлими бошқаруви аъзолари, ҳудудий ОАВ масъуллари иштирок этди.
Йиғилишда қатнашган Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси в.б. Холмурод Салимов мамлакатимизда очиқликни, матбуот ва сўз эркинлигини таъминлаш, Янги Ўзбекистоннинг янги журналистикасини яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётгани, журналистлар олдида воқеа-ҳодисаларни холис ва ҳаққоний ёритишдек масъулиятли вазифалар турганини алоҳида таъкидлади.
Йиғилишда жорий йилнинг ўтган даври мобайнида бўлим томонидан амалга оширилган ишлар бўйича маълумотлар берилди. Галдаги вазифалар, мавжуд муаммолар ҳақида гапирилди, бўлимга раис сайлаш масаласи ўртага ташланди ва кўриб чиқилди. Кўрсатилган номзодлар орасидан Дауит Абибуллаев Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг Қорақалпоғистон Республикаси бўлими раиси этиб сайланди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Кенесбой Каримов, Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган журналист Пердегул Хожамуратова ва бошқалар номзодни қўллаб-қувватлади.
Д.Абибуллаев 1964 йил 4 август куни Қорақалпоғистон Республикаси Чимбой шаҳрида туғилган. 1995 йил Қорақалпоғистон давлат университетини тамомлаган. Иш фаолиятини 1985 йилда “Илғалли мийнет” газетаси мухбири сифатида бошлаган. “Қорақалпоғистон” радиоканали муҳаррири, Қорақалпоғистон телевидениеси муҳаррири, “Хўжайли ҳақиқати” газетаси мухбири, “Устоз жолы” газеталари бош муҳаррири, “Еркин Қарақалпақстан” газетаси мухбири, бўлим мудири, бош муҳаррир ўринбосари, Қорақалпоғистон Республикаси ахборот агентлиги шарҳловчиси лавозимларида самарали фаолият олиб борган. Айни кунда у Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Маҳаллий ахборот таҳририятининг Қорақалпоғистон Республикасидаги шарҳловчиси.
Эндиликда Дауит Абибуллаев бир пайтнинг ўзида Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг Қорақалпоғистон Республикаси бўлими раиси сифатида ҳам фаолият олиб боради.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг қўмита раиси Шарап Утемисов қатнашди.
Н.Усмонова, ЎзА