Мамлакатимизда бўлиб ўтадиган сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ жараёнларни кузатиш мақсадида қатор халқаро кузатувчилар миссиялари юртимизга ташриф буюрган. Жумладан, Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги Парламентлараро Ассамблеяси (МДҲ ПА) вакиллари ҳам ўз миссиясини бошлади.

МДҲ ПА миссияси вакили Станислав Ткаченко мамлакатимизда сайловга тайёргарлик ишлари юзасидан ўз фикрларини баён қилди:

— Биз, МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси кузатувчилар гуруҳи ўз ишимизни мамлакатнинг либерал қонунчилигини ўрганишдан бошладик. Чунки ўтган ва жорий йилда мамлакатингиз қонунчилигига бир неча муҳим ўзгаришлар киритилган.

Марказий сайлов комиссияси аъзолари билан бўлиб ўтган учрашувимизда ўзимизни қизиқтирган барча саволларга жавоб олдик. Биринчи навбатда, бизни қизиқтирган савол бу — тўрт ой олдин сайлов бўлиши эълон қилинганидан ва календарь режа қабул қилинганидан бери сайлов жараёни қандай ташкиллаштирилган ва қай тарзда бўлиб ўтмоқда? Календарь режага МСК ва қуйи ташкилотлар томонидан қанчалик амал қилинаяпти? Бу каби саволларимизга жавоб олдик.

Жорий сайловнинг яна бир афзаллиги бу тизимнинг рақамлаштирилганидир. Ўзбекистон Республикаси ушбу сиёсий жараёнга жиддий эътибор қаратган. МСКнинг сиёсий партиялар ва қуйи ташкилотлар билан алоқалари, барча ҳужжат алмашинуви, айниқса, партиялар томонидан тавсия қилинган номзодларни рўйхатга олиш масалалари рақамлаштирилган.

Телевидение, радио ва интернет нашрларида бир хил вақт ажратилган. Ўзбекистон сайловга рақамлаштириш тизимини жорий этиш бўйича МДҲ давлатлари орасида етакчилик қилмоқда. Бу ажойиб тажриба ва намуна бўлиб, кейинчалик МДҲ Парламентлараро Ассамблеясига аъзо бўлган бошқа мамлакатларнинг сайлов жараёнларида фойдаланилади.

Календарь режада белгиланган тадбирлар бажарилаётганини, сайлов жараёни иштирокчилари, сиёсий партиялар номзодлари ва ташкилотчилар юқори даражада ишлаши учун ҳамма шароитлар яратилганини алоҳида қайд этиш жоиз.

Муҳтарама Комилова ёзиб олди.

ЎзА