Ўзбекистон Республикаси Президенти “Андижон давлат техника институтини ташкил этиш тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Унга мувофиқ, Андижон машинасозлик институти, Андижон иқтисодиёт ва қурилиш институти ҳамда Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтининг Андижон факультети негизида Андижон давлат техника институти ташкил этилади.

Автомобилсозлик, электротехника, энергетика, тўқимачилик, муҳандислик, қурилиш ва бошқа саноат соҳалари бўйича, шунингдек, ҳудуднинг олий маълумотли кадрларга бўлган эҳтиёжига мувофиқ замонавий билим ва амалий кўникмаларга эга кадрлар тайёрлаш;

таълим жараёнига илм-фан ва техниканинг сўнгги ютуқларини қўллаш, халқаро эътироф этилган ташкилотлар рейтингида юқори 300 талик рўйхатга кирган хорижий олий таълим ташкилотлари тажрибаси асосида таълим дастурларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

амалий ва фундаментал илмий-тадқиқот ишлари ва инновацион лойиҳаларнинг самарадорлигини ошириш чораларини кўриш;

ихтисослик соҳалари бўйича таълим, илм-фан, ишлаб чиқариш ўртасида интеграцияни таъминлаш;

етакчи хорижий олий таълим ташкилотлари билан ҳамкорликда талабаларнинг академик алмашинувини таъминлаш, уларнинг таълим олиши ва соҳа ташкилотларида малакавий амалиётини ташкил этиш;

профессор-ўқитувчиларнинг саноат корхоналарида стажировка ўташини йўлга қўйиш ҳамда мутахассисларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини ривожлантириш;

талабаларни ҳар томонлама етук кадрлар бўлиб етишиши учун барча шарт-шароитларни яратиш, шунингдек, уларда юксак маънавий ва ахлоқий фазилатларни ривожлантириш, таълим-тарбия ва амалиёт уйғунлигини самарали ташкил этиш институтнинг асосий вазифалари ҳисобланади.

Андижон машинасозлик институти, Андижон иқтисодиёт ва қурилиш институти ҳамда Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтининг Андижон факультетида таҳсил олаётган барча талабалар ўқишини Институтда давом эттиради ва 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб битирувчи курс талабаларига белгиланган тартибда Институт дипломи берилади.

Институт давлат олий таълим муассасаси ҳисобланади ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги тизимида фаолият юритади.

ЎзА