Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов Миср Араб Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Тамир Фатҳи Абдуссалом Ҳаммад билан учрашди.
Суҳбат чоғида савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг бугунги ҳолати муҳокама қилинди. Товар айирбошлаш ҳажмини ошириш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар белгиланиб, кун тартибидаги бошқа долзарб масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Шериклик кўлами изчил кенгайиб бораётгани таъкидланди. 2023 йил экспорт асосан тўқимачилик, фармацевтика, электротехника, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва хизмат кўрсатиш ҳисобига 110 фоиз ошди. Миср компаниялари билан бирга озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, геология-қидирув ва ичимлик суви тизимини такомиллаштириш бўйича қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ўзбекистонда Миср капитали иштирокида 15 корхона фаолият юритмоқда.
Музокара якунида томонлар рақамли иқтисодиёт, тўқимачилик саноати, транспорт-логистика, фармацевтика, машинасозлик, тоғ-кон ва фитосанитария каби соҳаларда ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида, икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари ўртасида давра суҳбатлари ўтказиш, шунингдек яқин орада Ҳукуматлараро қўшма комиссия йиғилишини ташкил этишга келишиб олдилар.