Пойтахтимиздаги “Универсал“ спорт мажмуасида спорт курашлари бўйича Ўзбекистон чемпионати ўз якунига етди. Чемпионатнинг сўнгги кунида аёллар кураши бўйича баҳслар бўлиб ўтди.

Мусобақанинг вазни 59 килограммгача бўлган аёллар кураши беллашувларида Лайло Собирова (Тошкент) финал босқичида Сарбиназ Жиенбаева (Қорақалпоғистон) билан рақобатлашди. Ушбу беллашувда Сарбиназнинг кутилмаганда олган жароҳати сабаб баҳс эрта якунланди ва Лайло мамлакат чемпионига айланди. Ярим финалга қадар ғалаба қозонган Динара Сейтмуратова (Қорақалпоғистон) ҳамда Улбеке Карлибаева (Тошкент) бу вазнда учинчи ўриндан жой олди.

Кутилганидек, 53 кг. вазн тоифасида Шоҳида Аҳмедова (Самарқанд) шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олган бўлса, Руҳшона Файзуллаева (Самарқанд) ҳамда Лазиза Шомуродова (Тошкент) кумуш ҳамда бронза медалига эга чиқди. Шунингдек, Нилуфар Нурмуҳаммедова (Сирдарё), Дилшода Матназарова (Тошкент), Нилуфар Отемисова (Қорақалпоғистон), Гулмира Айтмуратова (Тошкент), Шаҳзода Алланиязова (Тошкент), Фируза Эсенбаева (Қорақалпоғистон) ҳамда Светлана Окназарова (Тошкент) ўз вазн тоифаларида чемпионга айланди.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА