ICAPPнинг 12-Бош ассамблеяси йиғилишида партиялар вакиллари иштирок этди

450

Камбоджада “Тинчлик ва муроса сари” мавзуида Осиё сиёсий партиялари халқаро конференциясининг (ICAPP) 12-Бош ассамблеяси бўлиб ўтди. Унда мамлакатимиздаги сиёсий партиялар вакиллари ҳам иштирок этди ва маъруза қилди.

Таъкидлаш жоизки, анжуманда 42 мамлакатдан 57 та сиёсий партия ҳамда 200 дан ортиқ делегатлар иштирок этди. Мазкур тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад Осиё сиёсий партиялари ўртасида мулоқот ва ҳамкорликни ривожлантириш, минтақавий ва глобал муаммоларга ечим топишдан иборат. Шунингдек, ICAPPнинг барқарор ва фаровон Осиё ҳамжамиятига оид қарашларини илгари суриш, сиёсий партиялар тажриба алмашинувини кучайтириш орқали минтақа халқлари ўртасида ўзаро ҳамжиҳатликни ривожлантиришдир.

Анжуман доирасида минтақавий хавфсизлик, иқтисодий ҳамкорлик ва маданий алмашинув каби қатор мавзуларда давра суҳбатлари ва семинарлар бўлиб ўтди.

Тадбирда партияларимиз вакиллари сўзга чиқиб, ўз дастурий мақсад ва вазифалари, Сайловолди дастуридаги асосий йўналишларга тўхталди.

Маълумот учун, ICAPP 370 дан ортиқ сиёсий партияларни бирлаштирувчи нуфузли халқаро ташкилот сифатида долзарб минтақавий ва глобал масалалар муҳокамаси учун муҳим платформа ҳисобланади. Унинг тадбирлари Осиё билан чекланиб қолмай, Африка, Европа ва Лотин Америкаси давлатлари сиёсий партиялари вакилларини ҳам қамраб олади.

М.Комилова, ЎзА