Жисмоний ва ақлий курашни ўзида мужассам этган фижитал спорт ўйинлари мамлакатимизда ҳам жадал ривожланмоқда.

Ўтган йилнинг феврал ойида юртимизда фаолиятини бошлаган Ўзбекистон Фижитал спорт федерацияси қисқа фурсатда ушбу спорт йўналишига қизиқиши юқори бўлган минг-минглаб ёшларни  бирлаштирди. Ўтган давр мобайнида юртимизнинг кўплаб шаҳар ва маҳаллаларида, ёшлар масканларида спортнинг бир қатор турлари бўйича фижитал мусобақалари ташкил этилди.

Куни кеча Тошкент вилояти Ангрен шаҳридаги “Дукент” спорт соғломлаштириш мажмуасида ўтган фижитал спорт ўйинлари бўйича Ўзбекистон чемпионатининг республика босқичи ҳам келажак спорт мусобақалари тизими саналган ушбу йўналишнинг тарғиботида, кучли спортчилар ва жамоаларни аниқлашда муҳим омил бўлди.

Айтиш лозим, фижитал сўзи инглизча «physical» (жисмоний) ва «digital» (рақамли) сўзларидан келиб чиққан бўлиб, асосий ғояси электрон спортчиларни виртуалликдан очиқ майдонга олиб чиқишга қаратилган. Бу, спортчилар аввал махсус фижитал залларида компьютер ўйинида рақобатлашса, сўнгра очиқ майдонда юзма-юз куч синашиш деганидир.

“Дукент” спорт базасида ўтган мусобақанинг очилиш маросимида иштирок этган мутасаддилар, хусусан Ўзбекистон фижитал спорт федерацияси, Ўзбекистон баскетбол федерацияси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар спорт бошқармалари вакиллари фижитал мусобақалари йилдан йилга халқаро майдонда кенг қулоч ёяётганини таъкидлаб, фижитал футбол, фижитал-баскетбол ва фижитал-рақс йўналишидаги баҳсларда ғолиблик учун курашаётган ёшларга омад тилади.

Қизиқарли кечган баҳслар сарҳисобига кўра, фижитал футбол ўйинларида Навоий вилояти жамоаси 16 та жамоа орасида ғолиблик шоҳсупасига кўтарилган бўлса, ушбу йўналишда Самарқанд вилояти, Қорақалпоғистон Республикаси жамоаси кейинги ўринларни эгаллади.

Фижитал баскетбол мусобақаларида ғолибликка даъвогар 16 та жамоа орасида Қорақалпоғистон Республикаси ғолиб чиқди. 2-3-ўринлар Самарқанд ҳамда Наманган вилояти жамоаларига тегишли бўлди.

Фижитал-рақс йўналишида эса Стелла Мкртичева ва Камила Салахатдинова жуфтлиги энг маҳоратли эканини намойиш этиб, ҳақли равишда чемпионликка эришди. Совринли ўринлар Стелла Мкртичева ва Камила Салахатдинова, Карина Исаева ва Даря Шадрина, Сабина Таджибаева ва Сабина Саттаровага насиб этди.

Чемпионатнинг ғолиб ва совриндорлари ташкилотчилар томонидан эсдалик совғалар, диплом, медаль ва кубок билан тақдирланди.

Т.Рўзиев, ЎзА