24 ноябрь куни дзюдо бўйича эркаклар ва аёллар ўртасида Жиззах шаҳридаги “Jizzax kibеrsport arеna” мажмуасида 4 кун давом этган Ўзбекистон чемпионати баҳслари ниҳоясига етди.

Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги, Дзюдо федерацияси, Ёшлар ишлари агентлиги, Жиззах вилояти ҳокимлиги ва бошқа ҳамкор ташкилотлар ҳомийлигида ташкил этилган ушбу мамлакат чемпионатида Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардан жами 300 нафардан ортиқ эркак ва аёл дзюдочи 14  вазн тоифасида ғолиблик учун татамига чиқди.

Мусобақа якунига кўра аёллар ўртасида Навоийдан Лазиза Ҳайдарова, Қашқадарёдан Гулҳаё Жўраева ҳамда Маржона Кўчимова, Хоразм вилояти вакилалари Шукуржон Аминова ҳамда  Ширинжон Йўлдошева, Самарқанд вилояти дзюдочиси Маржона Нуруллоева ва Тошкент шаҳри дзюдочиси Умида Ниғматовалар ўз вазн тоифаларида Ўзбекистон чемпиони деган шарафли номга сазовор бўлиб, олтин медалларни қўлга киритди.

Эркаклар ўртасида Ўзбекистон чемпионлиги ва олтин медаллар Бухоро вилояти полвонлари Анваржон Иброҳимов ҳамда Шаҳрам Аҳадов, Навоий шаҳридан Азизбек Ортиқов, сурхондарёлик Ҳикматуллоҳ Тўраев, Самарқанд шаҳридан Зуфарбек Ўролов ҳамда Қашқадарё вилояти дзюдочиси Исломбек Равшанқуловларга насиб этди.

Чемпионатнинг ғолиб ва совриндорлари ташкилотчиларнинг диплом, медаллар ва қимматбаҳо совғалари билдан тақдирланди.

Тўрт кунлик беллашувлар якунига кўра, Қашқадарё вилояти терма жамоаси медаллар жамғариш бўйича умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади. Бухоро вилояти терма жамоаси иккинчи ўринни қўлга киритган бўлса, кучли учликка Хоразм вилояти дзюдочилари якун ясади.

Шунингдек, Тошкент шаҳри, Навоий ва Самарқанд вилоятлари терма жамоалари сафида ҳам 2 нафардан Ўзбекистон чемпионлари бўлган бўлса, Сурхондарё вилояти терма жамоаси 1 та олтин медал билан кифояланди.

Андижон вилоятидан ташқари бошқа барча ҳудуд жамоалари камида биттадан медалларни қўлга киритганини ҳам эътироф этиш лозим.

Беллашувлар ниҳоясига етгач, дзюдо бўйича Олимпиада, жаҳон ва Осиё чемпионатларида ғолиблик ва совринли ўринларни эгаллаган Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Давлат Бобонов ҳамда Музаффар Тўрабоевлар жиззахлик ёш дзюдочиларга мастер-класс машғулотларини ўтди.

А.Қаюмов, ЎзА мухбири