Ўзбекистон Республикаси Президенти “Тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Унга мувофиқ, 2025 йил 1 январдан жисмоний шахс томонидан тадбиркорлик фаолиятини якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтмасдан амалга оширганлик учун молиявий жарима бекор қилинади.

2025 йил 1 январдан бошлаб қуйидагилар учун маъмурий жавобгарлик бекор қилинади:

фискал белгиларни акс эттириш тартибини бузиш;

қонунчиликда мажбурий рақамли маркировкаланиши белгиланган товарларни (маҳсулотларни) ишлаб чиқарувчилар ва импорт қилувчилар томонидан идентификация воситалари орқали мажбурий рақамли маркировкалаш қоидаларини бузиш;

ходимлар сонини яшириш.

2025 йил 1 мартдан бошлаб судда иш юритиш тарафлар келишув битими тузганлиги сабабли тугатилганда, тадбиркорлик субъектлари ва фуқароларга давлат божини қуйидаги миқдорларда қайтариб бериш тартиби жорий этилади:

биринчи инстанция судида -тўланган давлат божининг 70 фоизи;

апелляция ва кассация тартибида берилган шикоятлар бўйича судда – тўланган давлат божининг 30 фоизи.

2025 йил 1 январдан бошлаб:

тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган барча текширувлар «Ягона давлат назорати» ахборот тизимида рўйхатга олиш орқали Бизнес-омбудсманни хабардор этиш тартибида амалга оширилади.

Тадбиркорлик субъектлари фаолиятида «Хавфни таҳлил қилиш» электрон тизими натижалари асосида профилактика тадбирлари ва текширувларни ўтказиш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

хавф даражаси паст бўлган тадбиркорлик субъектлари фаолиятида назорат қилувчи органлар томонидан текширувлар ўтказилмайди;

хавф даражаси ўрта ва юқори бўлган тадбиркорлик субъектлари фаолиятида юзага келиши мумкин бўлган хавфларнинг олдини олишга қаратилган профилактика тадбирлари ўтказилади ёки текширув ўтказилиши мумкин;

аниқ факт ва ҳоллар бўйича фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига, жамоат хавфсизлиги, атроф-муҳитга, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳамда давлат манфаатларига зарар етказиш хавфининг олдини олиш ёки бартараф этишга қаратилган текширувлар «Хавфни таҳлил қилиш» электрон тизими натижаларидан қатьи назар ўтказилиши мумкин;

солиқ ва божхона органлари томонидан «Хавфни таҳлил қилиш» электрон тизими Солиқ ва Божхона кодексларига мувофиқ юритилади;

профилактика тадбирлари доирасида амалдаги профилактика шаклларига қўшимча равишда Бизнес-омбудсман ва назорат қилувчи органлар томонидан тасдиқланган намунадаги чеклист тўлдирилиши натижалари бўйича тадбиркорлик субъектлари фаолиятида қонун бузилишларга олиб келиши мумкин бўлган камчиликларни бартараф этишга кўмаклашилади.

ЎзА