Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 26 декабрь куни Санкт-Петербург шаҳрида Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг навбатдаги йиғилишида кузатувчи мақомида иштирок этди.
Арманистон Республикаси Бош вазири Никол Пашинян раислигида (онлайн форматда) ўтган бу галги учрашувда Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко, Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин, шунингдек, ЕОИИ ҳузуридаги кузатувчи мамлакат – Эрон Ислом Республикаси саноат, конлар ва савдо вазири Саид Муҳаммад Отабак ҳам қатнашди. Куба Республикаси Президенти Мигель Диас-Канель иштирокчиларга видеомурожаат йўллади.
Кун тартибидан кўп томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш, саноат кооперацияси лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, ҳамкорликнинг устувор йўналишларида қўшма дастурларни амалга ошириш масалалари ўрин олди.
Ўзбекистон Президенти сўзининг аввалида сўнгги йилларда мамлакатимиз кузатувчи сифатида Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан 22 та йўналишда самарали ҳамкорликни йўлга қўйганини таъкидлади.
2024 йилда Ўзбекистоннинг иттифоқ мамлакатлари билан товар айирбошлаш ҳажми 11 фоизга ошди. Октябрь ойида Евроосиё иқтисодий комиссияси билан савдо, саноат, молия, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва бошқа соҳаларда 40 га яқин чора-тадбирларни ўз ичига олган янги уч йиллик ҳамкорлик режаси қабул қилинди.
Ўзбекистон, шунингдек, ЕОИИнинг савдо ва юк ташишни рақамлаштириш, электрон тижоратни жорий этиш, иқлим ўзгаришига қарши курашиш соҳасидаги қатор тармоқ дастурларида фаол иштирок этмоқда.
Келгуси йил март ойида қўшма Ишчи гуруҳининг тўртинчи йиғилишига тайёргарлик кўрилмоқда.
Давлатимиз раҳбари Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг устувор йўналишларига алоҳида тўхталди.
Хусусан, Президентимиз ўзаро савдодаги савдо тўсиқларини босқичма-босқич бартараф этишга чақирди. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон ва ЕОИИ давлатлари ўртасидаги савдода тариф ва нотариф чекловларни қўлламаслик масаласини экспертлар даражасида ишлаб чиқиш таклиф этилди.
Амалий ҳаракатлар режасини қабул қилган ҳолда, яқин келажакда техник жиҳатдан тартибга солиш тизимларини яқинлаштириш бўйича маслаҳатлашувлар ўтказишга тайёрлик билдирилди.
Ўзбекистон етакчиси тадбир якунида имзоланаётган Ягона божхона транзити тизими тўғрисидаги битимда мамлакатимизнинг иштирок этиши, шунингдек, божхона чегаралари орқали олиб ўтилаётган товарлар ва транспорт воситалари тўғрисида электрон маълумотлар алмашинувини тез фурсатда жорий этиш тарафдори эканини таъкидлади.
Саноат кооперацияси ва маҳаллийлаштириш дастурларини қўллаб-қувватлаш механизмлари ва воситаларига қўшилишдан манфаатдорлик билдирилди.
– Қўшма лойиҳаларни илгари суриш учун ишончли молиявий манбаларни шакллантириш мақсадида келгуси йил бошида тартиб-таомилларни якунлаб, Евроосиё тараққиёт банкига аъзо бўлишни режалаштирмоқдамиз, – деди Президентимиз.
Бизнесни янада фаол жалб қилиш ва ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлаш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида ЕОИИ Ишбилармонлар кенгашининг йиғилишини 2025 йил апрель ойида Тошкент шаҳрида ўтказиш таклиф этилди.
Рақамли технологиялар ва сунъий интеллект соҳасида тизимли ҳамкорлик қилиш муҳимлиги қайд этилди. Мамлакатимизни ЕОИИнинг интеграциялашган ахборот тизимига ва «Рақамли иттифоқ» лойиҳасига улаш ташаббуси илгари сурилди.
Аграр соҳада қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ўзаро етказиб беришни енгиллаштириш, инновацион агросаноат лойиҳаларини амалга ошириш ва илмий ишланмаларни жорий этишга қаратилган кооперация дастурини тайёрлаш таклиф этилди.
Сайёҳлик алмашинувларини рағбатлантириш мақсадида давлатимиз раҳбари ЕОИИ давлатлари фуқароларига Ўзбекистонга ички ҳужжатлар билан кириш имконини берувчи тартибни жорий этишга тайёрлигини билдирди.