Ҳурматли анжуман иштирокчилари!
Аввало, сиз, азизларни Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон янги магистрал темир йўли қурилиши бошланиши билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Бундан ярим йил олдин мазкур стратегик трансминтақавий лойиҳани амалга ошириш бўйича биринчи тўлақонли битим имзоланган эди. Ўтган қисқа даврда техник ҳужжатларни тайёрлаш ишлари якунланди. Бугун эса биз бевосита қурилиш ишларига старт бермоқдамиз.
Бу дўст мамлакатларимиз салкам 30 йил давомида интилиб келган том маънодаги тарихий воқеадир.
Сизларнинг иштирокингизда халқаро аҳамиятга эга бўлган янги транспорт артерияси яратилмоқда. У Марказий Осиё минтақасини Хитой билан қисқа ер усти йўли орқали боғлайди, давлатларимизнинг кўп қиррали ҳамкорлигини янада кенгайтириш ва стратегик шериклигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Яна бир муҳим жиҳат – ушбу лойиҳа ҳамкорликда барқарор ривожланиш ва фаровонлик йўлида кўплаб мамлакатларни бирлаштириб келаётган “Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасидаги эзгу мақсадларга тўлиқ мос келади.
Шу муносабат билан ҳурматли ҳамкасбларим – Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин ва Қирғиз Республикаси Президенти Садир Нурғожоевич Жапаров жанобларига лойиҳани илгари суриш борасидаги шахсий ҳиссалари ва фаол саъй-ҳаракатлари учун яна бир бор миннатдорлик изҳор этаман.
Ҳурматли маросим иштирокчилари!
Янги темир йўл қурилиши мамлакатларимиз иқтисодиёти ва бепоён минтақамиз учун катта самара беришини алоҳида қайд этишни истардим.
Инфратузилма соҳасидаги ушбу йирик лойиҳа илғор муҳандислик, инновация ва рақамли ечимлар асосидаги кенг кооперацияни, юқори экологик стандартларга амал қилишни назарда тутади.
Кошғар – Торугарт – Макмал – Жалолобод – Андижон йўналиши бўйича 20 та станция, 42 та кўприк, 25 та тоннель барпо этилади. Бундан ташқари, замонавий транзит-логистика инфратузилмаси, омборхона ва терминаллар қурилади.
Ҳисоб-китобларга кўра, ушбу магистрал йўлнинг ишга туширилиши минтақавий савдо ва инвестициялар ҳажмини бир неча баробар кўпайтириш, транспорт харажатларини сезиларли даражада қисқартириш, Марказий Осиёнинг улкан транзит салоҳиятини юзага чиқаришга хизмат қилади.
Қуйидаги муҳим рақамларга ҳам эътиборингизни қаратмоқчиман.
Ушбу йўл орқали йилига 15 миллион тонна юк ташилади. Хитойдан Европа мамлакатларига юкларни етказиб бериш масофаси ва муддати бир неча минг километр ва деярли бир ҳафтага қисқаради. Йўловчиларни мунтазам ташишни йўлга қўйиш имконияти пайдо бўлади.
Келгусида ушбу темир йўл линияси Трансафғон йўлаги билан туташиб, Хитой, Марказий Осиё ва Жанубий Осиё ўртасидаги транспорт-коммуникация тармоқларини самарали бирлаштириш ва кучайтиришга имкон яратади.
Бундан, ҳеч шубҳасиз, барча мамлакатлар иқтисодий фойда кўради. Юзлаб янги корхоналар ва ўн минглаб иш ўринлари яратилади.
Албатта, мазкур лойиҳа Буюк ипак йўлининг қайта тикланишига, маданий-гуманитар алмашувлар ривожига, халқларимизнинг янада яқинлашувига хизмат қилади.
Қадрли дўстлар!
Ўзбекистон мавжуд техник ва интеллектуал ресурсларни тўлиқ ишга солган ҳолда, бугун бошланаётган қурилишнинг барча босқичларида фаол иштирок этишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.
Ишончим комил, биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз туфайли ушбу темир йўл тармоғи бизнинг мустаҳкам дўстлигимиз, шериклик ва тараққиётимизнинг яна бир ёрқин тимсолига айланади.
Фурсатдан фойдаланиб, ушбу стратегик лойиҳани амалга оширишда иштирок этаётган барча қурувчи ва муҳандисларни, ишчи ва мутахассисларни кириб келаётган янги – 2025 йил билан чин дилдан табриклайман. Сизларга сиҳат-саломатлик, катта ютуқ ва омадлар тилайман.
Бугун сизларнинг бунёдкор саъй-ҳаракатларингиз билан бошланаётган улкан лойиҳа мамлакатларимиз ва минтақамизнинг умумий келажаги ва равнақи учун хизмат қилсин!
Эътиборингиз учун раҳмат.