Ҳурматли ҳамкасблар!

Ҳурматли йиғилиш иштирокчилари!

Глобал ва минтақавий таҳдидлар, иқтисодиётдаги беқарорлик ва жаҳон бозорларидаги ўзгарувчанликнинг кучайиши мамлакатларимиз ўртасидаги шерикликни кенгайтиришнинг янги йўлларини янада фаол излашни тақозо этмоқда.

Таъкидлаш жоизки, сўнгги бир неча йил ичида Ўзбекистон кузатувчи давлат сифатида ЕОИИ билан 22 йўналишда самарали ҳамкорликни йўлга қўйди. Жорий йилда Иттифоқ мамлакатлари билан товар айирбошлашимиз 11 фоиз ўсди.

Октябрь ойида Евроосиё иқтисодий комиссияси билан янги уч йиллик режани қабул қилдик, унга савдо, саноат, молия сектори, агромажмуа, транспорт ва бошқа соҳаларда қирқтага яқин аниқ чора-тадбирлар киритилди.

Шунингдек, биз савдо ва юк ташишни рақамлаштириш, электрон тижоратни жорий этиш, иқлим ўзгаришига қарши курашиш соҳасидаги тармоқ дастурларида фаол иштирок этиш ниятидамиз.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Ҳукумати қўшма Ишчи гуруҳининг навбатдаги, тўртинчи йиғилишига пухта тайёргарлик кўрмоқда. Ушбу учрашувни келгуси йил март ойида Ўзбекистонда ўтказишни таклиф этамиз.

Ҳурматли ҳамкасблар!

Ўзбекистон билан Евроосиё иқтисодий иттифоқи ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтиришнинг устувор йўналишлари бўйича қарашларимизни қисқача баён этмоқчиман.

Биринчи. Бу савдо тўсиқларини босқичма-босқич бартараф этиш бўйича мувофиқлаштирилган чора-тадбирларни амалга оширишдир.

Ўзбекистон ва EОИИ ўртасида савдода тариф ва нотариф чекловларни ўзаро қўлламаслик тўғрисидаги битимни имзолаш масаласини экспертлар даражасида ишлаб чиқишни таклиф этамиз.

Яқин вақт ичида амалий ҳаракатлар режасини қабул қилган ҳолда техник жиҳатдан тартибга солиш тизимларини яқинлаштириш бўйича маслаҳатлашувлар ўтказишга тайёрмиз.

Иккинчи. Ўзбекистоннинг имзоланаётган Ягона божхона транзити тизими тўғрисидаги битимда иштирок этиши ҳам савдо амалиётларини кенгайтиришга хизмат қилади, деб ҳисоблайман.

Мамлакатларимизнинг божхона чегаралари орқали олиб ўтилаётган товарлар ва транспорт воситалари тўғрисидаги маълумотларни электрон алмашиш бўйича битимларни келишишни жадаллаштириш муҳим аҳамиятга эга.

Учинчи. Бирлашма доирасида бошланган саноат кооперацияси ва ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастурларини қўллаб-қувватлаш механизмлари ва воситаларига қўшилишдан манфаатдормиз.

Бундан ташқари, қўшма лойиҳаларни илгари суриш учун ишончли молиявий манбаларни шакллантириш мақсадида келгуси йил бошида тартиб-таомилларни якунлаб, Евроосиё тараққиёт банкига аъзо бўлишни режалаштирмоқдамиз.

Тўртинчиси. Рақамли технологиялар ва сунъий интеллект соҳасида тизимли ҳамкорликни кучайтириш ниятидамиз.

Ўзбекистонни ЕОИИнинг интеграциялашган ахборот тизимига ва «Рақамли иттифоқ» лойиҳасига улаш масалаларини биргаликда ишлаб чиқишга тайёрмиз.

Бешинчи. Аграр соҳада кооперация дастурини тайёрлаш тарафдоримиз. Гап қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг бозорларимизга ўзаро кириб боришини енгиллаштириш, инновацион агросаноат лойиҳаларини амалга ошириш, илғор илмий ишланмаларни жорий этиш чора-тадбирлари ҳақида бормоқда.

Олтинчи. Сайёҳлик алмашинувларини рағбатлантириш мақсадида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти давлатлари фуқароларига мамлакатимизга ички ҳужжатлар билан кириш имконини берувчи тартибни жорий этиш ниятидамиз.

Ҳурматли ҳамкасблар!

Ўзбекистон мавжуд салоҳиятдан самарали фойдаланиш мақсадида ЕОИИ бўйича шериклар билан яқин ва самарали ҳамкорликни ривожлантириш тарафдори.

Фурсатдан фойдаланиб, ҳурматли Александр Григорьевич Лукашенкони ташкилотга раислик Беларусга ўтиши муносабати билан табриклайман ва унга муваффақиятлар тилайман.

Барчангизни, қардош халқларимизни кириб келаётган Янги йил билан яна бир бор самимий табриклаб, фаровонлик ва равнақ тилайман.

Эътиборингиз учун ташаккур.