Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг 2024 йилдаги фаолияти сарҳисоби ва “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили”даги устувор вазифалар юзасидан ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда 2025 йил – “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” деб эълон қилиниши муносабати билан атроф-муҳитни асраш, “яшил” технологияларни жорий этиш, сув ресурсларидан тежамкорлик билан фойдаланиш ва яшил ҳудудларни кўпайтириш каби устувор вазифалар муҳокама қилинди. Шунингдек, олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов Орол фожиасининг оқибатларини юмшатиш, чиқиндилар муаммосини ҳал қилиш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш борасида олийгоҳлар раҳбарларини ташаббускорликка чорлади.
Мулоқот чоғида таълим муассасалари учун халқаро талабларга жавоб берадиган барқарорлик ва экологик самарадорлик кўрсаткичларини белгилайдиган “Ҳаракатлар режаси”ни ишлаб чиқиш топшириғи берилди. Шунингдек, “Green Metric” халқаро рейтингида иштирок этиш орқали инфратузилмани яхшилаш, энергия ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, чиқиндилар билан ишлаш ҳамда “яшил” маданиятни шакллантириш бўйича вазифалар белгиланди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов ҳам иштирок этиб, экологик ташаббусларнинг аҳамиятига алоҳида тўхталди. У “яшил” иқтисодиёт ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги умуммиллий ва глобал масалаларни ҳал этиш учун олий таълим муассасалари билан ҳамкорликни янада кучайтириш зарурлигини таъкидлади. Шу билан бирга, экологик муаммоларни ҳал этишда давлат органлари, хусусий сектор ва таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликнинг самарадорлигини ошириш мақсадида янги технология ва инновацияларга асосланган ўзаро ҳамкорлик лойиҳаларини ишлаб чиқиш бўйича таклифлар илгари сурилди.
Йиғилишда “Топ-500”га кирувчи хорижий университетлар билан ҳамкорликда қўшма таълим дастурларини ташкил этиш ишлари таҳлил қилинди. Бундан ташқари, стажёр-тадқиқотчилик ва докторантурага талабгорларни жалб қилиш бўйича тарғибот ишларини кучайтириш зарурлиги таъкидланди.
2025 йилда “Ёшлар академияси” томонидан ташкил этиладиган “Бўлажак олим” танловларига иқтидорли ёшлар ва тадқиқотчиларни кенг жалб қилиш чоралари кўрилади. Ушбу танловга турли соҳалардаги талабалар ва тадқиқотчиларни ҳам қамраб олиш вазифаси қўйилди, ёқилғи-энергия ресурслари барқарорлигини таъминлаш, энергияни тежаш ва ундан оқилона фойдаланиш масалалари 2025 йилдаги муҳим вазифа сифатида белгиланди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА