Ўзбекистон ва ICBA ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик кучайтирилади

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов БАА Халқаро биошўрланган қишлоқ хўжалиги маркази (ICBA) бош директори доктор Тарифа Ал Зааби билан учрашув ўтказди.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан COP29 иқлим конференциясида қишлоқ хўжалиги экинларининг иқлим ўзгаришига чидамлилигини ошириш учун етакчи тузилмалар иштирокида Минтақавий генетик ресурслар банкини ташкил этиш бўйича илгари сурилган ташаббус муҳокама қилинди.

ICBA ташаббусни қўллаб-қувватлашга ва уни амалга оширишда фаол иштирок этишга тайёрлигини билдирди. Вазир эса ушбу тузилма Марказий Осиё минтақасида саноат кооперацияси, шунингдек, илмий-техника алмашинуви учун муҳим платформага айланиши мумкинлигини таъкидлади.
Учрашувда Нукус, Мўйноқ ва Чимбой фермерларининг заифлигини камайтириш ва уларнинг ер деградацияси билан боғлиқ иқтисодий йўқотишларнинг олдини олишга мослашувчан салоҳиятини оширишга қаратилган “Қорақалпоғистоннинг деградацияга учраган ҳудудларида барқарор қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш тизимини ривожлантириш” лойиҳаси муҳокама қилинди. Мазкур лойиҳа Орол денгизи ҳалокати оқибатларини юмшатиш ва минтақада барқарор қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга қаратилган қадам экани таъкидланди.
Учрашув якунида 2025 йилда Ўзбекистон ва ICBA ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни кучайтириш, хусусан, “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили”да қўшма илмий лойиҳаларни ташкил этиш ва ўзаро манфаатли натижаларга эришиш учун мунтазам маслаҳатлашувлар ўтказиш бўйича келишувга эришилди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА