“Мисрлик бугун” нашри Ўзбекистон ва Миср ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш доирасида Тошкентда ўтказилган тадбирларни кенг ёритди.

Мақолада Миср режалаштириш, иқтисодий ривожланиш ва халқаро ҳамкорлик вазири Рания Ал-Машат ҳамда Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов икки давлат қўшма ҳукуматлараро комиссиянинг 7-йиғилишида иштирок этгани таъкидланган.

Муаллиф вазир Ал-Машат икки ўлканинг стратегик жойлашуви қўшма муносабатларни ривожлантириши ва ҳамкорликнинг кенг йўналишларини очиши мумкинлигини эътироф этганини қайд этган.

Мисрлик вазирнинг таъкидлашича, бугунги кунда Мисрдаги туризм, хизмат кўрсатиш, алоқа, ахборот технологиялари ва қишлоқ хўжалиги соҳаларига юртимизнинг 24 та компанияси сармоя киритмоқда.

Шунингдек, нашрда Лазиз Қудратов Ўзбекистон Миср билан муносабатларни янада ривожлантириш орқали яқин йилларда савдо айирбошлаш ҳажмини 500 миллион долларга етказиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни амалга оширишга интилиши, Қоҳира халқаро китоб кўргазмасида иштирок этиш таклифига миннатдорлик билдиргани урғуланган.

Қўмита иши якунида томонлар ўртасида Ўзбекистон Атроф-муҳит ва иқлим ўзгариши вазирлиги билан атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва атроф-муҳит ифлосланишини камайтириш бўйича 4 та ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Шунингдек, Айн-Шамс университети ва Тошкент давлат шарқшунослик университети ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Қолаверса, Миср қадимий ёдгорликлари олий кенгаши ва Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази билан, Самарқанд вилояти эса Искандария губернаторлиги билан савдо-иқтисодий, илмий ва маданий алоқаларни ривожлантириш мақсадида ўзаро англашув меморандумларини имзолашди.

Йиғилиш якунида Ўзбекистон-Миср ҳукуматлараро қўшма комиссияси 7-йиғилиши Баённомаси ва турли соҳаларга оид 6 та ҳужжат имзоланди.

Муҳаррама Пирматова, ЎзА