Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси томонидан “Банк хизматлари орқали маҳаллаларда камбағалликни қисқартириш бўйича амалга оширилган ишлар ва истиқболдаги вазифалар юзасидан” эшитув ўтказилди.
Депутатлар, Марказий банк ҳамда тижорат банклари раҳбарлари, тегишли вазирликларнинг масъул ходимлари иштирокида ўтган эшитувда дастлаб Марказий банк раиси ўринбосарининг ахбороти эшитилди.
Ахборотда шу йил 16 декабрь куни Президентимиз раислигида банк хизматлари орқали маҳаллаларда камбағалликни қисқартириш бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ижроси юзасидан тижорат банклари олдида турган долзарб вазифалар бўйича маълумотлар берилди.
Хусусан, банклар томонидан оилавий тадбиркорлик дастурини амалга ошириш орқали даромадли бизнесга кенг йўл очиш, синовдан ўтган мижозларни қўллаб-қувватлаб, уларни кичик ва ўрта бизнес даражасига олиб чиқиш, фаол тадбиркорлар иштирокида туманларда балиқчилик, қуёнчилик, чорвачилик ва асаларичилик бўйича кооперациялар ташкил қилиш, хусусий шериклар топиб, стартапларни бизнесга айлантирадиган акселераторларни очиш бўйича келгуси йилда тижорат банклари олдида турган долзарб вазифалар мазмунан очиб берилди.
Халқ вакиллари ривожланиш даражаси суст бўлган ҳамда қизил тоифага кирган туманларга бошқа ҳудудлардан тажрибали тадбиркорларни жалб қилиб, бандликни таъминловчи ҳамда барқарор даромад манбаини яратувчи лойиҳаларни амалга ошириш борасида тижорат банкларининг режалари билан қизиқишди.
Шунингдек, жойларда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш учун зарур инфратузилмани шакллантиришга қаратилган лойиҳаларни молиялаштириш манбаларини аниқ белгилаш зарурлиги қайд этилди.
Тижорат банклари раҳбарлари келгуси йилда банкларнинг молиявий барқарорлигини таъминлаш, ташқи манбалардан маблағ жалб қилиш борасида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар бўйича режаларини баён қилди. Шунингдек, маҳалла банкирлари фаолиятини йўлга қўйиш, маҳалланинг бизнес имкониятларини ўрганиш ва уларни тегишли лойиҳалар орқали амалга оширишга оид режалари ҳақида маълумот берди.
Йиғилишда шунингдек, банклар олдидаги муаммолар ҳам таҳлил қилиниб, ҳал қилиш чоралари бўйича депутатлар ўз таклиф ва тавсияларини беришди. Хусусан, банклар балансида бўлган ҳаракатсиз мулкларни бозор қийматида тўғридан-тўғри сотишнинг ҳуқуқий жиҳатлари батафсил кўриб чиқилди.
Депутатлар банклар томонидан гаровга олинган гаров нарсасига бўлган ҳуқуқлар устуворлигини таъминлашдаги муаммолар ва қонунчилик ҳужжатларида ўзаро номувофиқликлар мавжудлигига ҳам эътибор қаратдилар. Йиғилиш иштирокчилари мажбуриятлар бажарилишининг таъминоти сифатида тақдим этилган мол-мулкка нисбатан кредиторлар ҳуқуқларининг устуворлигини таъминлаш, гаровга қўйилган мол-мулкни аукцион орқали сотиш жараёнларини соддалаштириш, гаров билан таъминланган мажбуриятларни суддан ташқари тартибда ундириш амалиётини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси тайёрланганлигини маъқуллади.
Эшитув якунида давлатимиз раҳбари белгилаб берган вазифалар ижроси устидан самарали парламент назоратини ўрнатиш бўйича тегишли қарор қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА