Ижтимоий тармоқларда темир йўл вокзалларида тирбандликлар ҳосил бўлаётгани ҳамда темир йўл кассаларида ва иловада темир йўл чипталари қолмагани ҳақида видео ва фотолар тарқалмоқда.

Мазкур ҳолат бўйича, “Ўзтемирйўлйўловчи” АЖ матбуот хизмати муносабат билдирди.

Қайд этилишича, ушбу ҳолатни бартараф этиш ва аҳолига қулайлик яратиш мақсадида “Ўзтемирйўлйўловчи” АЖ томонидан қўшимча чора тадбирлар амалга оширилмоқда ва йўловчи поездларига қўшимча вагонлар уланиши ҳамда янги йўловчи поездлари қатнови йўлга қўйилган.

Айни дамда темир йўл вокзалларида тирбандликлар йўқлиги ва аҳоли темир йўл кассаларига келиб бемалол чипталарни харид қилиш мумкин. Бундан ташқари аҳоли ва талабаларга темир йўл чипталарини чиптахоналардан ташқари мобил илова орқали онлайн харид қилиш имконияти мавжуд.

Чипталарни электрон харид қилишда  eticket.railway.uz сайти ва Android ва iOS иловаларидан фойдаланиш мақсадга мувофиқдир.

Муҳайё Тошқораева,  

ЎзА