Aжиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида якунланаётган 2024 йилда фаоллик кўрсатиб, юқори натижаларга эришган ёшларнинг меҳнатини баҳолаш мақсадида тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Унда институт ректори Қувондиқ Қодиров сўзга чиқиб, йиғилганларни янги йил билан табриклаб, ўзининг эзгу тилакларини билдирди. 2024 йилда институтда юз берган муҳим воқеалар, қўлга киритилган ютуқлар ҳақида гапириб, келгуси йилда амалга ошириладиган ишларга тўхталиб ўтди.
Давлатимиз раҳбарининг бевосита эътибори ва ғамхўрлиги натижасида давлат бюджети ҳисобидан 76 миллиард сўм маблағ ажратилиб, Мустақиллигимизнинг 33 йиллик байрами арафасида икки минг ўринли янги ўқув биносининг фойдаланишга топширилиши нафақат институт жамоаси учун, шу билан бирга, бутун Қорақалпоғистон Республикаси аҳолиси учун байрамона совға бўлди. Юртимиздаги илк илм-фан даргоҳи бўлган институтнинг 90 йиллик тўйи, шу билан бирга, ушбу ўқув даргоҳига номи берилган буюк мумтоз шоир Aжиниёз Қўсибой ўғлининг 200 йиллик юбилейи республика ва халқаро миқёсда нишонланди.
Бугунги кунда институтда 600 нафарга яқин тажрибали профессор-ўқитувчи 17 минг нафардан зиёд талабага таълим-тарбия бериб келмоқда. Улардан 231 нафар ўқитувчи илмий даражага эга. Сўнгги 3 йилда 82 нафар профессор-ўқитувчи илмий ишларини муваффақиятли ҳимоя қилиб, илмий даражага эга бўлди. Профессор-ўқитувчилар томонидан вазирлик гувоҳномасига эга 55 та дарслик, 97 та ўқув қўлланмаси, 43 та монография тайёрланди ва чоп этилди.
Бугунги кунда дунёнинг “ТОП-1000”лик рўйхатига кирадиган 62 та олий таълим муассасаси билан шартнома ва меморандум имзоланган бўлиб, шундан, 15 та олий таълим муассасаси QS (Quacquarelli Symonds World University Ranks), THE (Times Higher Education) ҳамда ARWU (The Academic Ranking of World Universities) халқаро рейтингида ўрин олган. Мазкур шартномалар доирасида ўтган йил давомида институтнинг 50 нафардан ортиқ профессор-ўқитувчиси хориждаги олий ўқув юртлари ва илмий-тадқиқот марказларига малака ошириш, семинар ўтказиш, илмий конференцияларда иштирок этиш, маъруза ўқиш мақсадида илмий стажировкаларга юборилган бўлса, дунёнинг “ТОП-1000” рўйхатига кирадиган олий ўқув юртларидан 14 нафар профессор-ўқитувчи ва мутахассис институтнинг илмий-педагогик ишларига таклиф этилди. Шу билан бирга, институт талабалари халқаро ва республика фан олимпиадалари, танловлар, интеллектуал мусобақалар, фестиваль, конференция, форум ва симпозиумларда юқори ўринларни эгаллади. “Тўмарис” халқ ансамбли аъзолари ва иқтидорли талабалар халқаро танловларда юқори натижаларга эришиб, республикада ўтказилган турли байрам тантаналари, халқ сайиллари ва томошаларида ўз маҳоратларини намойиш этди.
Институтнинг талаба-ёшлари спорт турлари бўйича Ўзбекистон, Қорақалпоғистон, Осиё ва Жаҳон биринчиликларида катта ютуқларга эришди. Aлбатта, бундай натижаларни қўлга киритишда институтда яратилаётган шароитлар, эътибор ва қўллаб-қувватлашнинг аҳамияти катта. Шу мақсадда йил давомида юқори натижаларга эришган талаба-ёшлар турли номинациялар бўйича тақдирланди.
Тадбир “Тўмарис” халқ ансамбли ва иқтидорли талабалар ижросидаги байрам концерти билан давом этди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири