Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси томонидан интернет нашрлари журналистлари ҳамда ижтимоий тармоқ фаоллари (блогерлар) учун эълон қилинган “Энг яхши миллий контент” республика танлови ғолибларини тантанали тақдирлаш маросими ўтказилди.

Тадбирда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси в.б. Х.Салимов бугунги кунда мамлакатимиз ахборот маконини мукаммал, ишончли, пухта хабарлар билан тўлдириш, миллий контентни муттасил бойитиб бориш ва бу борадаги ишларни тобора такомиллаштириш муҳим эканини таъкидлаб, мазкур танловни ташкил этиш ва унга тайёргарлик кўриш жараёни ҳақида қисқача маълумот берди.

Х.Салимовнинг маълум қилишича, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди томонидан эълон қилинган танловда иштирок этиб, “Аҳоли, айниқса, ёш авлоднинг маънавий-интеллектуал салоҳияти, онгу тафаккури ва дунёқарашини юксалтириш, баркамол шахсни тарбиялашда китобхонлик маданиятини ошириш” лойиҳаси бўйича ғолиб чиққан.

Жорий йилда мазкур лойиҳа доирасида Уюшма томонидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, болаларнинг ёш тоифасидан келиб чиққан ҳолда 10 номдаги китоблар нашрга топширилди. Уюшма ахборот хизмати ходимлари томонидан уларнинг аудио варианти тайёрланмоқда. “Энг яхши миллий контент” танлови ҳам ана шу лойиҳа доирасида ўтказилмоқда.

Маълумки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2024 йил январь ойи аввалида Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида миллий контентни бойитиш борасида соҳа масъуллари олдига муҳим вазифалар қўйган эди.

“Энг яхши миллий контент” танлови йўналишини белгилашда ушбу вазифалар ижросига алоҳида эътибор қаратилди.

Танлов иккита йўналиш – Интернет журналистикаси ва Блогерлик фаолияти бўйича ўтказилди.

Танловга интернет нашрлари журналистлари ҳамда ижтимоий тармоқ фаоллари (блогерлар)дан қуйидаги номинациялар бўйича ижодий ишлар қабул қилинди: 

Интернет журналистикаси бўйича “Китобхонлик тарғиботига бағишланган энг яхши материаллар учун”, “Ёшлар маънавиятини юксалтиришга қаратилган энг яхши материаллар учун”, “Интернет тармоғида эълон қилинган энг яхши миллий контент учун”, “Долзарб мавзулардаги энг яхши танқидий-таҳлилий материаллар учун” номинациялари таъсис этилди.

Блогерлик фаолияти бўйича “Болаларни китобхонликка қизиқтирган блог-постлари учун”, “Ижтимоий тармоқларда ёшлар тарбиясига оид эълон қилинган материаллари учун”, “Миллий урф-одат ва анъаналаримиз акс этган энг яхши материаллар учун”, “Facebook” ижтимоий тармоғида миллий контентни кўпайтиришга қўшган ҳиссаси учун” номинацияларига материаллар топширилди.

Танловда 100 нафарга яқин интернет нашрлари журналистлари ва ижтимоий тармоқ фаоллари – блогерлар ўз ижодий ишларини, блог-постларини электрон шаклда тақдим этди. Ҳакамлар ҳайъати аъзоларига уларнинг ичидан ғолибларни аниқлаш осон бўлмади.

Шуни ҳам айтиш керакки, ҳакамлар ҳайъатининг таклифига биноан танловнинг асосий номинацияларидан ташқари, Уюшма томонидан рағбатлантирувчи — “Миллий контентни бойитишга қўшган ҳиссаси учун” қўшимча номинацияси ҳам жорий этилди.

Танловга тақдим этилган ижодий ишлар шаклан ва мазмунан ранг-баранг бўлиб, уларда миллий манфаатларимизни кўзлаган тарзда юртимиз ва дунёда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга холис баҳо бериш, Янги Ўзбекистон руҳига мос янгича тафаккур тарзини шакллантириш, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш орқали уларнинг онгу тафаккурини юксалтиришга хизмат қилувчи миллий контент яратишга ҳаракат қилинган.

Шунингдек, интернет нашрлари ва ижтимоий тармоқларда танлов иштирокчилари томонидан эълон қилинган материалларда бугуннинг долзарб масаласига айланган, барчани жиддий мушоҳадага чорлайдиган, қолаверса, мустақилликни мустаҳкамлаш, ижтимоий барқарорликни таъминлаш, ёшлар маънавиятини юксалтириш, миллийликни улуғлашга хизмат қиладиган муҳим мавзулар таъсирчан тарзда ёритилган.

Мазкур танлов ғолиблари сафида Интернет журналистикаси йўналишида “Ёшлар маънавиятини юксалтиришга қаратилган энг яхши материаллар учун” номинацияси бўйича ЎзА халқаро ахборот таҳририяти бош муҳаррир ўринбосари Ўткир Алимовнинг ҳам борлиги қувонарли.

Тантанали тадбирда ғолиблар диплом ва сертификатлар билан тақдирланди.

Н.Усмонова, О.Пардаев (сурат), ЎзА мухбири