Доҳада мамлакатимизнинг Қатар Давлатидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ашраф Ходжаев бошчилигида талабалар ва ватандошларимиз иштирокида Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган парламент сайловига бағишланган брифинг ўтказилди.
Маълумки, жорий йил 27 октябрь куни бўлиб ўтадиган Парламент ва маҳаллий кенгашларга сайловда иштирок этиш 18 ёшга тўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг конституциявий ҳуқуқи ҳисобланади. Бу ҳуқуқ юртдошларимиз қаерда бўлишидан қатъи назар, таъминланиши шарт. Сайлов кодекси 10-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари, консуллик муассасалари ҳузурида мазкур муҳим сиёсий тадбирга тайёргарлик кўриш ва сайловни ўтказиш даврида сайлов участкалари фаолияти йўлга қўйилиши мумкин.
Доҳадаги участка Ташқи ишлар вазирлиги тақдимномасига биноан Марказий сайлов комиссияси томонидан ташкил қилинади ва хориждаги участка сайлов комиссиялари фаолияти учун зарур шарт-шароит билан таъминланади. Айни пайт хориждаги сайлов участкалари, чет элдаги фуқароларимизни сайловчилар рўйхатига киритиш тартиби, сиёсий тадбирнинг санаси, муддатидан олдин овоз бериш вақти ва сайлов куни тўғрисида оммавий ахборот воситалари орқали ёки маҳаллий шароитни инобатга олган ҳолда бошқа манбалар орқали хабардор қилиш вазифалари белгилаб олинди. Ватандошларимиз ушбу давлатда ҳам Қонунчилик палатаси депутатлигига сиёсий партиялар томонидан кўрсатилган номзодлар рўйхати асосида ягона сайлов округи бўйича овоз берадилар.
Брифингда овоз бериш тизимига татбиқ этиладиган сайловга оид янги ишланмалар ва рақамли ечимлар ҳақида ахборот берилди. Юртдошларимизни қўллаб-қувватлаш ва мавжуд алоқаларни янада мустаҳкамлаш мақсадида Доҳа шаҳрида “Ўзбегим” клубини ташкил этиш таклифи билдирилди.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА