Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг Нукус филиали янги биноси фойдаланишга топширилди.
Бинонинг очилиш тадбирида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев сўзга чиқиб, йиғилганларни янги бино билан қутлади.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда юртимизда Президентимизнинг қўллаб-қувватлаши туфайли таълим соҳасига, айниқса, ёшларнинг юқори даражада билим эгаллашига улкан эътибор қаратилмоқда.
Келгуси йили Қорақалпоғистон Республикасида ижтимоий соҳа ва инфратузилма учун 1 триллион сўмдан ортиқ маблағ ажратилиши режалаштирилган ва, жумладан, 24 та умумтаълим мактабининг қурилиши белгиланмоқда. Жорий йилнинг ўзида 202,8 миллиард сўм маблағ эвазига 34 та умумтаълим мактабида қурилиш-реконструкция ишлари олиб борилмоқда.
Юртимиз келажаги эгалари орасидан қобилиятли ва билимли ёшларни аниқлаш, уларни ўзлари қизиққан фанларга чуқурлаштирилган ҳолда ўқитиш мақсадида ҳар бир ҳудудда очилган Президент мактаблари, ихтисослаштирилган ва ижод мактаблари билан бир қаторда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга йўналтирилган Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабининг Нукус филиали ташкил этилди.
Ўтган қисқа вақт ичида мазкур мактабда бюджет маблағлари ҳисобидан 61 миллиард сўмлик қурилиш ишлари олиб борилди ва ўқувчилар учун барча қулай шароит яратилди. IT соҳаси учун профессионал кадрларни тайёрлаб чиқаришда мазкур ўқув масканининг ўрни каттадир.
Тадбир иштирокчилари мактабда яратилган шароитлар билан танишди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири