Қорақалпоғистон Республикасидаги ноёб табиий маскан – Борсакелмас ҳудудида “Сайёрамиз келажагига қўшган ҳиссамиз” халқаро экомарафони бўлиб ўтди.
Икки кун давом этган тадбир Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан “ProRun” югуриш мактаби билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Марафонда Ўзбекистон, Ҳиндистон, Кения, Того, Судан, Иордания, Испания, Канада, Дания, Беларусь, Россия каби 11 та давлатдан 250 нафар профессионал ва ҳаваскор югурувчи иштирок этди. Улар орасида “Nike” компаниясининг мусулмон аёллар ўртасида югуришни тарғиб қилувчи элчиси Фараҳ Мажид ва “Adidas” вакили Ғани Сулаймон бор. Иштирокчиларнинг турли давлатлардан эканлиги тадбирнинг халқаро мақоми ва тобора оммалашиб бораётганини кўрсатди.
Иштирокчилар хавфсизлиги ва қулайликни таъминлаш мақсадида марафонни ташкил этишга 200 нафар киши жалб этилди. Дастурдан ўтов лагерида жойлаштириш, маданий дастур, этно-шоу, Борсакелмас шўрхок ҳудудига саёҳат, 42 км марафон, 21 км ярим марафон ва 5 ҳамда 10 км масофага югуриш ўрин олди.
Таъкидлаш жоизки, Борсакелмас марафони нафақат спорт тадбирига, балки инсон ва табиат бирлигининг ҳақиқий байрамига айланди. У спорт нафақат мусобақа, балки атрофимиздаги ҳайратланарли оламни кашф этиш ва уни асраб-авайлашга ҳисса қўшиш воситаси бўлиши мумкинлигини исботлади. Ушбу марафон югурувчилар, экотуристлар ва атроф-муҳитга ғамхўрлик қилаётганларни сайёрамиздаги ноёб жойларни сақлаш учун ягона ҳаракатга бирлаштирди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири