Мамлакатимизда ёшларнинг олий таълим билан қамраб олиниши кўрсаткичларини ошириш ва сифатли таълимни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Янги ўқув йилининг биринчи кунларида Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида бўлиб, давлат гранти асосида ўқишга тавсия этилган бахтиёр ёшларнинг дил изҳорлари билан қизиқдик.

–Талабалар сафига қўшилиш ҳар бир ёшнинг энг олий мақсадидан бири бўлса керак, – дейди Ветеринария санитария экспертизаси йўналишининг талабаси Гулинур Раҳимбоева. – Мен Хоразм вилоятидан Қорақалпоғистонга келиб таҳсил олишни ният қилган эдим. Азалдан қорақалпоқларнинг ҳаёт тарзи ва урф-одатларига қизиқишим баланд, энди бу ерда таҳсил олиш билан бирга улар билан яқиндан танишиб бораман.

– Энг юқори балл тўплаб, талаба бўлганим биринчи навбатда ота-онамни жуда севинтирди, – дейди Зооинженерия йўналишининг 1-босқич талабаси Мийирбек Жанабаев, – Улуғ шоир Ибройим Юсупов таваллуд топган Чимбой туманиданман. Ўзимни жуда бахтиёр сезяпман.

– Сув биоресурслари ва аквакультура йўналишига грант асосида талабаликка қабул қилиндим, – дейди Сара Базарбаева. – Президентимизнинг олий таълим соҳасини янада ислоҳ қилиш борасида илгари сурган эзгу ташаббуслари олий ўқув юртларида таҳсил олишни орзу қилган ёшларни янада руҳлантиради.

Шунингдек, Зооинженерия йўналишига давлат гранти асосида талабаликка қабул қилинган Барно Муҳамметдинова, Ветеринария санитария экспертизаси йўналишининг талабаси Манзура Рейимбаева ва бошқалар мустақил юртнинг бахтли талабалари сафидан жой олганидан жуда мамнун эканлигини билдириб, ёшларга давлатимиз томонидан яратиб берилаётган қатор имкониятлар уларни янада руҳлантириб, келажакда ўзлари танлаган соҳа ривожига ўз ҳиссаларини қўшишга аҳд қилганликларини таъкидлашди.

Кўзларида нур порлаб турган ушбу ёшларнинг дил сўзларини тинглаб, улар келажакда ўз соҳасининг билимли мутахассислари бўлиб, мамлакатимиз келажагини яратишига ишондик.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири