Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси Ўрозбой Абдураҳмонов таваллудининг 75 йиллигига бағишланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Адабий анжуманда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид, «Халқ сўзи», «Народное слово» газеталари бош муҳаррири, таниқли журналист, устоз ижодкор Ўткир Раҳматов, атоқли ижодкор Нурали Қобул, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори Неъматулло Худойбергенов ва бошқалар Ўрозбой Абдураҳмоновнинг ижод йўли, ибратли фаолияти хусусида батафсил сўзлади.
Ёзувчилар уюшмаси ахборот хизмати маълумотига кўра, Ўрозбой Абдураҳмонов 1949 йил 27 августда Қорақалпоғистон Республикасининг Кегейли туманида таваллуд топган. Хўжайли шаҳридаги 1-сонли мактабда таълим олиб, Тошкент давлат университети (ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети)нинг журналистика факультетини (1973) тамомлаган. Ижодкор «Жеткиншек» газетаси, «Амударё» журналида адабий ходим, бўлим мудири, масъул котиб бўлиб ишлаб юрган кезлари адиб қаламининг чархланишида муҳим бир давр бўлди.
У Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмасида адабий маслаҳатчи, «Қорақалпоқфильм» киностудиясида директор, Қорақалпоғистон Маънавият ва маърифат маркази раҳбарининг ўринбосари, «Ўзбектелефильм»нинг Қорақалпоғистон бўлими директори ҳамда Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари лавозимларида ишлаган.
Адибнинг ҳаёт йўли тақдири, адолат қисмати ва ижодкорлик дунёси билан боғланган. У бир томондан ҳажвиётнинг ривожига катта ҳисса қўшган бўлса, бошқа томондан қорақалпоқ адабиётига эссе жанрини олиб кирди. Ғарб адабиётида машҳур бўлган эссе жанрини шарқона мазмун билан бойитди. «Оролим – дардим менинг» (1985) эссеси ЮНEСКО медали совриндори бўлди.
1987 йили чоп этилган «Чангалзор пайғамбари ҳалокати» эссеси эса «экстрасенс» ниқоби остидаги диний экстремистлар тўдасининг кирдикорларини фош этиб, жаҳоннинг етакчи тилларида чоп этилди.
Адибнинг биринчи китоби «Бир муҳаббат тарихи» номи билан «Қорақалпоғистон» нашриётида 1977 йилда чоп этилган. 2009 йилда «Танланган асарлар» китоби нашр қилиниб, асарлари ўзбек, рус, озарбайжон ва татар тилларига ўгирилган.
Мустақиллик йиллари «Ўзбекистон» телеканалида намойиш этилган «Темир тулпор парвози», «Миздакхон», «Хоразмнинг олтин халқаси», «Аёз қалъа», «Ўзбекистон темир йўллари», «Мозийхона», «Қўнғирот сода заводи» сингари ҳужжатли фильмлар ҳам адиб ёзган сценарийлар асосида тасвирга олинган.
Истиқлол йилларида Ўрозбой Абдураҳмоновнинг кўп қиррали ижоди муносиб тақдирланди. Унга 1999 йили «Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган санъат арбоби», 2000 йилда «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими», 2004 йили «Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси» фахрий унвонлари берилди. 2018 йилда эса «Ўзбекистон халқ ёзувчиси» фахрий унвонига сазовор бўлди.
Адабий анжуманда Ўрозбой Абдураҳмонов ижодининг ўзига хослиги хусусида батафсил сўз юритилди.
Н.Усмонова, Аҳмад Тўра (сурат),
ЎзА