Шу йил 29 март куни “Яшил макон” лойиҳаси доирасидаги ишлар бўйича ўтказилган Президент раислигидаги видеоселектор йиғилишида йўллар ва каналлар бўйидаги ерларни талабгорларга тўғридан-тўғри шартнома асосида 10 йилга бериб, 5 қатордан кўчат эктириш тизимини ҳозирги мавсумда амалга ошириш орқали кўплаб дарахтзорлар яратиш, бу йил топшириладиган 2,5 мингта кўп қаватли уйлар ҳудудининг 30 фоизида, 38 та “Янги Ўзбекистон” массивларининг ҳар бирида камида 1 гектардан яшил хиёбонлар ташкил қилиниши белгиланган эди.

Ушбу устувор вазифалардан келиб чиқиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгашининг тегишли қарори билан “Йўл харитаси” тасдиқланган. Бугун парламент қуйи палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси ҳамда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси ҳамкорлигида ўтказилган давра суҳбатида мазкур “Йўл харитаси”нинг 2-бандидаги “Дарахт экмаганлик учун жавобгарлик белгилаш” борасидаги қонун ижодкорлиги масалалари атрофлича муҳокама этилди.

Қайд этилганидек, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳудудларни кўкаламзорлаштириш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда.

“Ўзбекистон — 2030” стратегиясида ҳам шаҳарлар бош режаларини тузишда улар ҳудудининг камида 30 фоизини яшил майдонлар ташкил этиши, турар жой биноларини қуришда “яшил майдон”ларни аҳолининг сонига мутаносиб бўлишини таъминлаш белгилаб қўйилган.

Шунингдек, қонунчилик ҳужжатларида шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктлари ҳудудларини ривожлантириш ва қурилишини режалаштиришда шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктларида кўкаламзорлаштириладиган ҳудудлар майдонларини ташкил этиш бўйича мажбуриятлар белгиланган.

Аммо ҳозирги кунда ушбу мажбуриятларни амалга оширмаган юридик шахсларга нисбатан маъмурий жавобгарлик назарда тутилмаган. Давра суҳбатида шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктлари ва турар-жой қурилишлари ҳамда саноат зоналари ҳудудлари майдонларида шаҳарсозлик норма ва қоидаларида белгиланган кўкаламзорлаштирилган ҳудудларни ташкил этиш мажбуриятини амалга оширмаганлик учун маъмурий жавобгарликни белгилаш бўйича бир қатор таклиф ва тавсиялар берилди.

Шу билан бирга, дарахт экмаганлик учун жавобгарлик белгилаш мақсадида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ҳамда Шаҳарсозлик кодексларига, шунингдек, “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунга тегишли қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш бўйича кўплаб таклифлар илгари сурилди.

Мунозара ва муҳокамалар давомида “Яшил макон” лойиҳаси доирасидаги ишлар устидан самарали парламент ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш лозимлиги қайд этилди.

Таъкидлаш жоизки, дарахт экмаганлик учун жавобгарлик белгиланиши яшил майдонларни кенгайтириш, ўсимлик дунёси муҳофазасини кучайтириш ҳамда атроф-муҳит мусаффолигига хизмат қилади.

М.Комилова, ЎзА