ФОТОРЕПОРТАЖ

“Тадбиркор аёл” халқаро ишбилармон аёллар ассоциацияси томонидан Қорақалпоғистон Республикасида амалга оширилган “Марказий Осиёда хавфсиз миграция” лойиҳаси кўплаб собиқ мигрантларни ўзи яшаётган ҳудудида тадбиркорлик билан шуғулланиш, оиласига даромад келтириш, шу билан бирга қўшимча иш ўринларини ташкил этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) томонидан молиялаштирилган ва “Winrock International” томонидан амалга оширилган мазкур лойиҳа “Тадбиркор аёл” халқаро ишбилармон аёллар ассоциацияси ва унинг Қорақалпоғистон ҳудудий бўлими бизнес-тренерлари томонидан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги туман бўлими билан ҳамкорликда 2022 йил сентябрь ойидан 2023 йил сентябрь ойигача Хўжайли, Шуманай, Қўнғирот, Қонликўл, Кегейли, Бўзатов туманларида ва Нукус шаҳрида 3 кунлик тренингда иштирокчиларга бепул маслаҳат хизмати кўрсатилди.

Танлов иштирокчилари орасидан Қонлиқўл туманидаги “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғинидаги Лиза Ешбаеванинг нон ва қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаси энг кўп балл тўплади. Лойиҳанинг бош офиси томонидан унга мини-новвойхона жиҳозлари ва хамир аралаштиргичлар топширилди.

– “Тадбиркор аёл” халқаро ишбилармон аёллар ассоциацияси томонидан ташкил этилган “Ишсиз аёлларни, мигрантлар ва уларнинг оила аъзоларини тадбиркорлик кўникмаларига ўргатиш ва янги иш ўринлари яратиш орқали одам савдосининг олдини олиш” лойиҳаси доирасидаги семинарларда иштирок этиб, тадбиркорлик бўйича анча билимга эга бўлдим, – дейди тадбиркор Лиза Ешбаева.

Лиза Ешбаева семинарда олган билимларини қўллаб бугунги кунда ўз бизнесини йўлга қўйишга муваффақ бўлди. Жумладан, у нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехини ташкил этди. Шу билан бирга, ушбу ҳудуддаги яна икки нафар хотин-қизнинг бандлигини таъминлади.

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА